Европа газ таъминоти бўйича узоқ муддатли шартномаларга ўтиши лозим. Бу ҳақда TotalEnergies нефть-газ компанияси раҳбари Патрик Пуянне Доҳа шаҳридаги йиллик форумда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Европада газ нархи узоқ муддатли истиқболда углеводородлар Европа энергия мажмуасининг бир қисми бўлиши кераклиги тўғрисида аниқ қарор қабул қилинмагунча ўсишда давом этади.
«Менга аниқки, эртага Европада газ нархи кечагидан қимматроқ бўлади. Аслида, агар газ Европа балансининг бир қисми эканлигига рози бўлсак, нархни қайтаришимиз мумкин бўлади», — деди Пуянне.
Франция Президенти Эммануел Макрон 25 март куни Европа комиссиясига умумий энергия харидларини амалга ошириш ваколати берилишини маълум қилди. Бу Европа Иттифоқига энергия таъминотини яхшироқ назорат қилиш ва энергия нархларини тартибга солиш имконини беради.
Бу қарор Владимир Путиннинг 23 март куни Россиянинг хориждаги активларини музлатилиши муносабати билан «Газпром»га шартномаларни «нодўст давлатлар» учун рублга айлантириш бўйича кўрсатма беришни буюрганидан кейин қабул қилинди.
Макрон Франциянинг газ учун тўловни рублда амалга ошириш талабига рози бўлишига асос йўқлигини таъкидлади. Германия молия вазири Кристиан Линднер ҳам худди шундай фикрда. У немис энергия етказиб берувчиларига Россия гази учун рублда тўламасликни маслаҳат берди.
Аввалроқ Германия Россия энергиясига дарҳол эмбарго қўя олмаслиги хабар қилинганди. Шунингдек, Путиннинг баёнотидан сўнг Европада газ нархи кескин кўтарилгани ҳақида хабар берилди.


