Россиянинг «Норилск никели» тоғ-кон металлургия компанияси («Норникель») ўз менежментига «Нордстар» авиакомпаниясини (NordStar бренди остида фаолият юритади) 100 фоиз акцияларини сотди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шартнома 25 март куни якунланган. NordStar’нинг янги эгалари — ҳозирги бошқарув, шу жумладан авиакомпаниянинг амалдаги раҳбари Леонид Моховдир.
«Ҳозирги вазиятда ‘Норникель’ ўз кучини ўзининг асосий фаолияти — рангли ва қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш ва сотишга қаратмоқда. Шу билан бирга, асосий саноат объекти сифатида Норилск саноат минтақаси билан ишончли узлуксиз ҳаво алоқасини таъминлаш биз учун муҳимдир. Шунинг учун шўъба авиакомпанияни сотиш бўйича битимнинг асосий шарти Норилск билан узлуксиз ҳаво алоқасини таъминлаш, парвоз дастурини 100 фоиз бажариш, шунингдек, Норилск аэропортининг таянч ташувчиси бўлган авиакомпанияни сотиш бўйича шартнома шартларини таъминлашдан иборат», — дея изоҳ берди «Норникель» компаниясининг катта вице-президенти Сергей Дубовицкий.
Маълумот ўрнида, NordStar — Россиядаги энг йирик авиаташувчилардан бири. 2021 йилда компания 1 миллион 163 минг йўловчини ташиди, бу олдинги йилга нисбатан 24 фоизга кўпдир. Асосий аэропортлар — «Домодедово» (Москва) ва Красноярск. 2021 йилда NordStar Норилск аэропортининг асосий авиаташувчисига айланди.
Аввалроқ миллиардер Ларри Пейж Alphabet’нинг 80 миллион долларлик акцияларини сотгани хабар қилинганди.


