Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

АҚШ Европа билан 2022 йил 15 млрд куб метр суюлтирилган газ етказиб беришга келишиб олди

Битимнинг асосий мақсади — Европа Иттифоқининг Россия табиий газига қарамлигини камайтириш.

Фото: «ТАСС»

АҚШ Европа Иттифоқи билан 2022 йилда Европа мамлакатларига суюлтирилган газ кўринишида камида 15 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича келишув тузди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Бир кун аввал Financial Times манбаларга таяниб, бўлажак келишув ҳақида ёзган эди. Битимнинг асосий мақсади Европа Иттифоқининг Россия табиий газига қарамлигини камайтиришдир.

Шартнома бўйича расмий баёнот 25 март куни Брюсселда АҚШ Президенти Жо Байден ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен томонидан берилади. Шунингдек, келишувга кўра, томонлар махсус ишчи гуруҳ тузади.

АҚШ аллақачон Россия ёқилғисини импорт қилишдан бош тортган, Буюк Британия эса йил охиригача худди шундай йўл тутишга ваъда берган. Европада фикрлар иккига бўлинган, бироқ кўплаб давлатлар, жумладан, Германия энергия нархининг яна кўтарилишидан чўчимоқда.

Маълумот ўрнида, Россия Европага чет эл газининг 40 фоиздан ортиғини етказиб беради.

Аввалроқ Германия иқтисодиёт вазири мамлакат Россия энергиясига шошилинч эмбарго қўя олмаслигини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Путиннинг баёнотидан сўнг Европада газ нархи кескин кўтарилгани ҳақида хабар берилди.