Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-февраль ойларида Lacetti-Gentra автомобили энг кўп ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, январь-февраль ойларида 39 минг 922 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 17 минг 546 тага ошган. Шунингдек, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига ҳар 1000 кишига ўртача 87 та енгил автомобиль тўғри келмоқда.
Қайд этилишича, автомобиль ишлаб чиқариш саноатида 2022 йилнинг январь-февраль ойларида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар қуйидагилардан иборат:
- Lacetti-Gentra — 12 минг 340 дона;
- Cobalt — 10 минг 787 дона;
- Damas — 9283 дона;
- Nexia T-250 — 2902 дона;
- Spark — 890 дона;
- Махсус енгил автомобиллар — 3720 дона.
Аввалроқ Ўзбекистон маҳаллий автомобиль бозорида сотувлар автотранспорт сотиб олганлик учун йиғим бекор қилиниши ҳисобига йил бошидан бери жадаллик билан ўсгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон энг кўп автомобиль импорт қилаётган 10 та давлат ҳақида хабар берилди.


