Хитой компанияларининг АҚШ ва Ҳонконг фонд биржаларидаги акциялари Россия Хитойдан Украинага ҳужумда ва IT гигантларига қарши курашда ёрдам сўрагани ҳақидаги хабарлар ортидан тушиб кетди. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.
Маълум қилинишича, Alibaba акциялари 15 март куни АҚШда 6,5 фоизга, Pinduoduo — 6 фоизга, Baidu — 5,9 фоизга арзонлашган. АҚШдаги Хитой компаниялари акциялари рекорд даражадаги 12 фоиз қийматини йўқотган.
Шу билан бирга, Alibaba акциялари нархи 35 фоиздан кўпроққа тушиб, 2016 йил июнь ойидан бери минимал даражага пасайди. Ҳонконгдаги Хитой компаниялари индекси 21 фоизга тушди, бу 2008 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир.
Маълумотларга кўра, Хитой қимматли қоғозлари нархининг пасайишига катализатор бўлган АҚШ матбуотида Россия Хитойдан Украина шарқида ёрдам сўрагани ҳақидаги хабарлар бўлган. Хитой ҳукумати кейинчалик бу хабарни рад этганига қарамай, инвесторлар Пекин ва Москва ўртасидаги эҳтимолий яқинлашув Хитой компанияларига қарши санкцияларга олиб келиши мумкинлигидан қўрқмоқда.
Таъкидланишича, компаниялар акцияларининг динамикасига регуляторлар томонидан талабларнинг кучайтирилиши ва Хитойдаги янги COVID-19 эпидемияси ҳам таъсир кўрсатган.
Rhodium Group таҳлилчиларининг фикрича, Хитой мамлакатнинг йирик банкларини АҚШ санкцияларига риоя қилишга ва «Москвага асосий технологиялар бўйича экспорт назоратини четлаб ўтишда эҳтиёткорона ёрдам беришга» ундаши мумкин.
Аввалроқ АҚШ Хитойни санкциялар фонида Россияга ёрдам бериш оқибатларидан огоҳлантиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Хитой Россия компанияларига самолёт қисмларини етказиб беришдан бош тортгани ҳақида хабар берилди.


