Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

Инқироз шароитида Россия NFT бозори 32 фоизга қулади

Россияликларнинг эътибори криптовалюталарга қаратилди, натижада NFT токенларига қизиқиш камайди.

Фото: «techbook.de»

Россияда февраль ойи охиридан бери NFT бозори инқироз шароитида 32 фоизга камайди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» CrуptoSlam маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, NFT бозоридаги савдо ҳажми февраль ойи охиридан бери 32 фоизга камайди. Инқироз фонида россияликларнинг эътибори криптовалюталарга қаратилди. Улар ёрдамида россияликлар маблағларни тежаш ёки кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

ICB Fund инвестиция бўлими раҳбари Аарон Хомскийнинг сўзларига кўра, NFT ва токен форматида яратилган рақамли санъат объектларига қизиқишнинг пасайиши Украинадаги уруш фонида Россияга қарши жорий этилган санкциялар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Google Trends таҳлилий хизмати маълумотларига кўра, NFT мавзусига қизиқиш январь ойининг охиридаги статистик маълумотларга нисбатан 60–70 фоизга камайди. Февраль ойида иккиламчи бозорларда сотишнинг пасайиши январь ойига нисбатан 40 фоизни ташкил этди: 796 минг харидор 2,6 миллиард долларлик савдони амалга оширди.

Шунингдек, AES+F студияси директори Антон Святскийнинг сўзларига кўра, кўплаб NFT эгалари россиялик муаллифларнинг сотиб олинган токенларини сотади ёки ушлаб туради, лекин янгиларини сотиб олмайди.

«NFT — биринчи навбатда спекулятив инвестиция воситаси бўлиб, дунё беқарорлашганда тезда ўз аҳамиятини йўқотади», — дейди эксперт.

Аввалроқ YouTube монетизация учун NFT’дан фойдаланишга рухсат бериши хабар қилинганди. Шунингдек, Facebook ва Instagram’га NFT яратиш ва сотиш функцияси қўшилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.