Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги «2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Президентнинг 2022 йил 22 январдаги «2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.
Қайд этилишича, 61 та лойиҳа туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ва ободонлаштириш ҳамда маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантиришга йўналтирилган. 2022 йилда ушбу мақсадлар учун 262,8 миллиард сўм ажратилади. Хусусан, туризм хизматлари соҳасига 29,4 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, қуйидагиларни ривожлантириш ва ободонлаштиришга:
- маданий мерос объектларини — 117,3 миллиард сўм;
- музейларни — 43 миллиард сўм;
- туризм соҳасидаги таълим муассасаларини — 73,1 миллиард сўм.
Таъкидланишича, икки ой муддатда 2022 йилда янгидан бошланадиган лойиҳалар бўйича тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари асосида тендер ҳужжатлари экспертизадан ўтказилади, харид қилиш тартиб-таомиллари якунланади ва тендер ғолиблари билан пудрат шартномалари тузилади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 11 мартдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга 76 триллион сўм ажратилиши ҳақида хабар берилди.


