Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Қозоғистонда Назарбоевнинг миллионер жияни ҳибсга олинди

Қайрат Сатибалдиули мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган.

Фото: Kapital.kz

Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулини «Казактелеком» миллий компаниясидаги маблағларни ўғирлашда гумон қилиб ҳибсга олди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

«Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва ‘Казактелеком’ АКнинг ўта йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштириш фактлари бўйича жиноят иши доирасида тергов ўтказилмоқда. Ушбу жиноятларни содир этишда гумон қилинган Қайрат Сатибалдиули ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди», дейилади баёнотда.

Агентликнинг таъкидлашича, Қайрат Сатибалдиулининг давлат хавфсизлигига путур етказувчи бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда.

«Тергов ишлари давом этмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, бошқа маълумотлар тергов манфаатларини кўзлангани сабаб ошкор этилиши мумкин эмас», дейилади хабарда.

Қайрат Сатибалдиули ким?

Қайрат Сатибалдиули — Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. У Forbes Kazakhstan маълумотларига кўра, мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган. Қайрат Сатибалдиулининг бойлиги 163 миллион долларга баҳоланган.

Қозоғистоннинг қатор ОАВлари хабарига кўра, собиқ президентнинг жияни Қозоғистоннинг «Казактелеком» телекоммуникация компанияси акцияларининг 24 фоиздан ортиғига эгалик қилувчи Skyline Investment Company S.A. офшор компаниясининг ягона асосчиси сифатида кўрсатилган.

Шунингдек,  у давлат хизматида ҳам ишлаган — пойтахт ҳокимининг ўринбосари бўлган, миллий компанияларда масъул лавозимларда ишлаган.