Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 27сентябр · Якшанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Россия ва Ўзбекистон талабалари учун ўқув саёҳатларини ташкил этилади.

Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко ва Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Россия ва Ўзбекистон ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолаган.

«Ишончим комилки, туризм алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишлар янги йўналишларни очиб, давлатларимиз фуқароларининг арзон ва маърифий дам олиши учун шароит яратади», — деди Дмитрий Чернишенко.

Қайд этилишича, қўшма режа 20 та тадбирни ўз ичига олади. Хусусан, Россия ва Ўзбекистонда Туризм йили ўтказилади. Шунингдек, «Буюк ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик маршрути ишга туширилади.

Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасида фестиваль, гастрономик, вино, экстремал, қишки ва бошқа туризм турлари учун махсус турпакетлар яратилади. Шу билан бирга, Россия ва Ўзбекистон талабалари учун ўқув саёҳатлари ташкил этилади.

Таъкидланишича, ҳукуматлараро комиссия доирасида туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича алоҳида Россия-Ўзбекистон қуйи қўмитаси ташкил этилади.

Аввалроқ Президент Самарқандда 381 миллион долларлик туризм маркази қурилиши билан танишгани хабар қилинганди. Шунингдек, туризм соҳасида хизмат кўрсатишга оид давлат стандартларига ўзгартириш киритилгани ҳақида хабар берилди.