Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Президент Самарқандда 381 млн долларлик туризм маркази қурилиши билан танишди

Туризм соҳасида ўқиётган талабалар марказга келиб, амалиёт ўташи зарурлиги айтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни «Silk road Samarkand» туризм маркази қурилиши билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу улкан мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 381 миллион долларни ташкил этади. Бугунги кунда 8 та меҳмонхона, конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвонсаройи қурилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерда замонавий хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Бизда туристлар келиб томоша қиладиган бино ва обидалар кўп. Лекин хизматлар тури кам, сифати паст. Бу марказда кўп тармоқли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши керак. Туризм соҳасида ўқиётган талабалар шу ерга келиб, амалиёт ўташи зарур», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент «Абадий шаҳар» карвонсаройини ҳам кириб кўрди. Бу мамлакатнинг қадимий шаҳарларини эслатади, Ўзбекистон халқининг меморлик анъаналари, амалий санъат турлари, миллий таомлар, қадимий бозорлари кўринишини мужассам этади.

«Бу ерда тарихимиз, маданиятимиз намоён бўлади, одамлар болалари билан келиб кўради. Шунинг учун бинолардаги безаклар, ранглар меъёрида, миллийлигимизга хос бўлиши керак. Карвонсарой ҳовлисида ҳунармандлар растаси ташкил қилиш ҳам мумкин», — дейди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Президент Самарқандда 10 нафар раҳбарни ишдан олгани хабар қилинганди.