Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 19ноябр · Пайшанба
USD 11 980,36 ▼ −30,09 EUR 13 134,07 ▼ −66,62 RUB 145,62 ▼ −0,02 GBP 15 763,76 ▼ −79,22
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Uzbekistan Airways Қозоғистон шаҳарларига парвозларни қайта йўлга қўяди

Йўловчилар бекор қилинган қатновлар авиачипталари қийматини қайтариб олиш ёки исталган бошқа бўш санага бепул қайта бронь қилиш ҳуқуқига эга.

Фото: «planespotters.net»

Uzbekistan Airways Қозоғистоннинг Олмаота, Оқтўбе ва Оқтов шаҳарларига парвозларни қайта йўлга қўяди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2022 йил 15 январдан бошлаб, авиакомпания Тошкент–Олмаота–Тошкент, Самарқанд–Олмаота–Самарқанд, Нукус–Оқтўбе–Нукус, Урганч–Оқтов–Урганч, Нукус–Оқтов–Нукус, Урганч–Оқтов–Урганч йўналишлари бўйича мунтазам авиақатновларни қайта йўлга қўяди.

Хабарга кўра, Олмаота халқаро аэропорти халқаро қатновларни соат 08:00 дан 21:00 гача (Олмаота вақти билан) қабул қилади. Ушбу муносабат билан Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича HY-765/766 қатнови 16 январь куни бекор қилинади, мазкур парвоз йўловчилари 17 январь куни Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича HY-763/764 авиақатнови орқали манзилга етказилади.

Олмаота ва Октобе, Оқтов шаҳарларида бекор қилинган (2022 йил 7 январдан 13 январга қадар) қатновлар йўловчилари авиачиптанинг тўлиқ қийматини харид қилинган жойда қайтариб олиш ёки исталган бошқа бўш санага бепул қайта бронь қилиш ҳуқуқига эга.