Ўзбекистонда микромолия хизматлари ҳажми ўсишда давом этмоқда. Бозорда банкларнинг улуши қисқариб, микромолия ташкилотларининг улуши ўсган. Хизматларнинг асосий қисми онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган 2026 йил III чораги учун микромолия хизматлари бозори шарҳида сўз боради.
Шарҳда келтирилишича, кредит ташкилотлари томонидан январ–сентябр ойларида жами 109,9 трлн сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 трлн сўм ёки 6 фоизга ўсган.
Микромолия хизматларининг жами ажратилган кредитлардаги улуши 31,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 фоиз бандга камайган.
Микромолия хизматлари бозорида кредит ташкилотларининг улуши қуйидагича:
- тижорат банклари – 62,4 трлн сўм, 56,8 фоиз;
- микромолия ташкилотлари – 44,4 трлн сўм, 40,4 фоиз;
- ломбардлар – 3,1 трлн сўм, 2,8 фоиз.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олганда, банклар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 20,2 трлн сўмга (24 фоиз) камайган, микромолия ташкилотларида эса 25,2 трлн сўмга (2,3 баробар), ломбардларда 1 трлн сўмга (49 фоиз) ўсган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июлдан кучга кирган талабларга кўра, тижорат банкларининг кредит портфелида микроқарзлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги шартлиги белгиланган. Банклар 2029 йил 1 январгача кредит портфелини босқичма-босқич шу талабга мослаштириши керак.
Ҳудудлар кесимида
Микромолия хизматларининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган: 71,3 трлн сўм ёки 65 фоиз.
Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (6,6 трлн сўм), Тошкент вилояти (3,8 трлн сўм), Андижон вилояти (3,6 трлн сўм) ва Самарқанд вилояти (3,5 трлн сўм) қайд этилган.
Энг паст кўрсаткич Сирдарё (1,2 трлн сўм), Жиззах (2 трлн сўм) ва Наманган (2,1 трлн сўм) вилоятларида кузатилган.
Энг юқори ўсиш суръати Андижон вилоятида (691 млрд сўм ёки 24 фоиз), Самарқанд вилоятида (321 млрд сўм ёки 10 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (96 млрд сўм ёки 8 фоиз) қайд этилган.
Наманган (10 фоиз), Хоразм ва Навоий (7 фоиздан), Қашқадарё (5 фоиз) ҳамда Сурхондарё ва Бухоро (2 фоиздан) вилоятларида эса хизматлар ҳажми камайган.


