Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 2ноябр · Душанба
USD 12 023,46 ▼ −42,76 EUR 13 461,47 ▲ +17,29 RUB 149,44 ▼ −0,30 GBP 16 146,30 ▲ +70,48
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон ва яна тўртта давлат QR-тўлов тизимларини бирлаштирмоқчи

Тизимлар интеграция қилиниши натижасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари сафар давомида ўз банк иловалари орқали QR-код ёрдамида товар ва хизматлар учун тўлов қилиши мумкин бўлади. Иштирокчилар йил охиригача QR-тўлов платформалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Марказий Осиёнинг тўрт давлати ва Озарбайжон марказий банклари QR-код орқали тўлов тизимларини бирлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки маълум қилди.

22−23 октябрь кунлари Душанбеда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон миллий банклари вакиллари иштирокида минтақавий учрашув бўлиб ўтди. Унда миллий тўлов ечимларини ривожлантириш ва QR-код стандартларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар тўлов платформалари ва тезкор тўлов тизимларини ривожлантириш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳамда масофавий идентификация соҳаларида тажриба алмашди.

Қозоғистон Миллий банки рақамли молиявий инфратузилмани, жумладан, миллий тўлов тизими, опен банкинг ва Миллий фирибгарликка қарши марказни яратиш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этди. Шунингдек, делегация рақамли тенге лойиҳасини амалга ошириш ва банклараро мобил тўлов тизимини ишга тушириш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Трансчегаравий ҳисоб-китоблар, миллий тезкор тўлов тизимлари ва рақамли валюталар интеграцияси истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар йил охиригача QR-тўлов платформалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Тизимлар интеграция қилиниши натижасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари сафар давомида ўз банк иловалари орқали QR-код ёрдамида товар ва хизматлар учун тўлов қилиши, шунингдек, тезкор пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, учрашувда киберхавфсизлик, тўлов тизимларининг ишончли ишлашини таъминлаш ва тўлов инфратузилмасини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар тўлов тизимларини назорат қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва фирибгарликка қарши курашиш тажрибасини ҳам кўриб чиқди.