Рақобат қўмитаси Beeline Uzbekistan’га эгалик қилувчи VEON компаниялар гуруҳи томонидан Perfectum мобил операторини сотиб олиш бўйича битимга бир қатор шартлар асосида олдиндан розилик берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
БААда рўйхатдан ўтган VEON UZB Holding Ltd компаниясининг Perfectum бренди остида фаолият юритувчи Rubicon Wireless Communication акциядорлик жамиятининг 100 фоиз акцияларини сотиб олиш бўйича аризаси кўриб чиқилган.
VEON UZB Holding Ltd айни пайтда Ўзбекистонда Beeline бренди остида мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи Unitel компаниясининг ҳам 100 фоиз улушига эга. Қўмитанинг махсус комиссияси ўтказган таҳлил натижаларига кўра, битимга рақобатни таъминлашга қаратилган бир қатор шартлар асосида розилик берилган.
Хусусан, Perfectum оператори камида уч йил давомида алоҳида фаолият юритиши, шунингдек, 5G Standalone технологияси бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтирилиши керак. Бундан ташқари, амалдаги абонентлар учун 5G FWA тарифлари 12 ой давомида сақланиши, янги абонентларга қулай шартлар яратилиши ҳамда ушбу хизматлар бўйича интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, битим иштирокчилари абонентлар зиммасига шартнома предметига алоқадор бўлмаган мажбуриятларни юкламаслиги, уларнинг бошқа мобил операторларга ўтиш эркинлигини чекламаслиги керак.
Абонентларни Beeline ва VEON гуруҳига тегишли рақамли платформалар хизматларидан фойдаланишга мажбурлаш ёки рақобатчи хизматлардан фойдаланиш имкониятини чеклашга ҳам йўл қўйилмаслиги шарт.
Қўмита абонентларга хизмат кўрсатиш шартлари асоссиз ёмонлаштирилмаслиги, уларнинг шахсий ва тижорат маълумотлари ҳимоя қилиниши лозимлигини қайд этган. Маълумотлардан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланиш ҳамда уларни қонунчиликка зид равишда хорижий серверларга узатишга йўл қўйилмаслиги керак.
Битим иштирокчилари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этиши ва бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаши шарт.
19 октябрь куни VEON Perfectum операторининг 100 фоиз акцияларини сотиб олиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди. Битимнинг умумий қиймати қарийб 207 млн долларни ташкил этади. Ушбу суммага Perfectum’нинг қарийб 93 млн долларлик молиявий қарзи ҳам киритилган. Харид натижасида Beeline Uzbekistan ихтиёридаги алоқа частоталари ҳажми қарийб 50 фоизга ошиши кутилмоқда. VEON битимни 2026 йил октябрь ойи охиригача якунлашни режалаштирган.


