Ўзбекистонда 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 2 миллион 841 минг 475 нафар жисмоний шахс “Кредитга тақиқ” хизматига уланган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (KATM) маълум қилди.
Статистикага кўра, хизматдан фойдаланувчиларнинг 1 миллион 656 минг 387 нафари эркаклар, 1 миллион 185 минг 88 нафари эса аёллардан иборат.
2026 йил 1 июль ҳолатида хизматга уланганлар сони 2 миллион 574 минг 26 нафарни ташкил этганди. Шу тариқа, уч ой ичида фойдаланувчилар сони 267 минг 449 нафарга ёки 10,4 фоизга ошган.
Кредит расмийлаштирилишини тақиқлаш ҳақида
Ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш бу қарз, микрокредит ва кредит карталарини олиш имкониятидан вақтинчалик ёки муддациз воз кечиш тўғрисидаги ихтиёрий қарор. Жисмоний шахслар учун ўз маълумотларини кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш хизмати 6 июндан бошлаб ишга туширилган.
Бу орқали фуқаролар ўзларининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкин бўлади. Хизматдан фойдаланиш бепул бўлиб, чеклов ҳам қўйилмаган — тақиқни исталганча ўрнатиш ва олиб ташлаш мумкин.
Кредитга тақиқ қандай қўйилади?
Ушбу хизматни ёқиш ёки ўчиришни онлайн ва офлайн шаклда бир нечта усуллар орқали амалга ошириш мумкин:
- Кредит-ахборот таҳлилий маркази мобил иловаси орқали — “Оммабоп хизматлар” бўлимидан “Кредитга тақиқ” хизмати орқали ( Android, iOS ва Huawei AppGallery);
- Кредит бюросининг веб сайтида шахсий кабинет ёки Call-марказ (+998 712034747) орқали;
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш” хизмати орқали;
- Давлат хизматлари марказлари орқали.
Бу хизмат нега жорий этилган?
Ўзига кредит олишни тақиқлаш имконияти жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилди. Ўзбекистонда 5 йилда кибержиноятлар билан 1,9 трлн сўмдан ортиқ пул талон-торож қилинган бўлиб, 4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали амалга оширилган.
Марказий банк бошқарувининг 22 апрелдан кучга кирадиган қарорига кўра, Ўзбекистонда номига фирибгарлар онлайн кредит олган фуқаролардан у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималарни ҳисоблаш ҳамда ундириш тўхтатилади. Кредит ташкилоти томонидан онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштирилиши ва у билан боғлиқ бошқа тўловлар жабрланувчидан ундирилган ҳолатларда ушбу тўловлар кредит ташкилоти томонидан жабрланувчининг банк картасига ёки у кўрсатган ҳисобварағига суднинг қарори ёки ажрими асосида қайтарилади.


