Ўзбекистон президентининг “Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026–2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан:
транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 млн тоннага етказилади;
транспорт ва логистика хизматлари экспорти 3,5 млрд АҚШ долларига, республика ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми 18,5 млн тоннага етказилади;
республикадаги барча талабларга жавоб берувчи халқаро қуруқлик портлари сони ҳозирги 24 тадан 30 тага етказилади;
Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ва транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробарга оширилади.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади;
транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг “E-logistika” платформасига уланади;
2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади (бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга киритилган, тизимларни жорий этган ва “E-logistika” платформасида “BB” ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт);
Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади;
2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга пасайтирилади;
Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача M₂, M₃, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт қилиши мумкин.


