Марказий банк фуқароларнинг ўзи ва оила аъзолари доимий яшайдиган ягона уй-жойини кредит бўйича гаров сифатида қабул қилишда уларнинг манфаатлари ва юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий оқибатларни инобатга олиш юзасидан тижорат банкларига тавсиялар юборди.
Банкларга бундай ҳолатларда, аввало, қарз олувчининг кредитни қайтариш имкониятини синчиклаб баҳолаш, уй-жойнинг қиймати ва ликвидлигини кредит ажратишнинг асосий омилига айлантирмаслик, имкон бўлса, бошқа таъминот усулларини кўриб чиқиш тавсия этилди.
Оддий қилиб айтганда:
- банк кредит ажратишда, аввало, мижознинг уни қайтара олиш имкониятини баҳолаши керак — гаровга қўйиладиган уй-жойнинг қимматлиги кредит бериш учун асосий омил бўлмаслиги лозим;
- шартнома имзоланишидан олдин мижозга кредит қайтарилмаса, ягона уй-жойга ундирув қаратилиши ва натижада уй сотилиши мумкинлиги аниқ ва тушунарли тарзда тушунтирилиши керак;
- агар фуқаро ягона уй-жойини бошқа шахс ёки тадбиркорнинг кредити учун гаровга қўйса, кредитни ўзи олмаган бўлса ҳам, қарз қайтарилмаган тақдирда унинг уй-жойига ундирув қаратилиши мумкин;
- қарздорлик юзага келганда, ундирув чораларидан олдин қарз олувчининг молиявий ҳолатини ўрганиш ҳамда кредитни реструктуризация қилиш ёки қарздорликни тартибга солишнинг бошқа имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилди.
Мазкур тавсиялар ягона уй-жойни гаровга қўйишни тақиқламайди. Уларнинг мақсади — бундай кредитларни ажратишда мижознинг тўлов имкониятини тўғри баҳолаш, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни олдиндан тушунтириш ва масъулиятли кредитлаш амалиётини кучайтиришдир.


