Ўзбекистонда 2027 йилда инфляция даражаси 5 фоизга пасайиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган Пул-кредит сиёсати шарҳида келтирилган.
Таҳлилга кўра, 2026 йилда нархлар ўсиш даражаси 6,5 фоизни ташкил этиши кутиляпти. Таққослаш учун, 2024 йилдаги инфляция кўрсаткичи 9,8 фоиз, 2025 йилда эса 7,3 фоиз бўлган.
Прогнозларда 2028 йилга бориб, инфлацияни йиллик 5 фоизда барқарор ушлаб қолиш мақсадлари қайд этилган.
Марказий банк жорий йилда мамлакат иқтисодий ўсиши 7,5-8 фоизни ташкил этиши мумкинлигини билдирган. Ўз навбатида 2028 йилда бу кўрсаткич бироз пасайиб, ўсиш 6-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
“Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг нисбатан барқарор давом этиши мамлакатимиз экспортига ташқи талаб ва пул ўтказмалари оқимларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, энергия нархларининг юқори ўзгарувчанлиги ҳамда логистика харажатларининг эҳтимолий ошиши ташқи инфляцион хатарлар сифатида сақланиб қолмоқда”, дея хатарларга тўхталган регулятор.
Халқаро валюта жамғармасининг янгиланган прогнозларига кўра, жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2026 йилда 3 фоизгача секинлашиши мумкин. Бу аввалги прогнозга нисбатан 0,1 фоиз бандга паст. 2027 йилда эса 3,4 фоизга (аввалги прогнозга нисбатан 0,2 фоиз бандга юқори) ўсиши кутилмоқда. Мазкур кўрсаткич қисқа муддатда геосиёсий шоклар ва юқори энергия харажатларининг иқтисодий фаолликка чекловчи таъсири сақланиши, келгуси йилда энергия таъминоти ва логистика занжирларининг босқичма-босқич тикланиши билан изоҳланган.
Кечикаётган натижа
2019-йилдаги президент фармонида инфляция бўйича доимий мақсад (таргет) 5 фоиз бўлиши, бунга 2023-йилда эришилиши белгиланган. Бироқ бу вазифа ҳалигача бажарилмади. Регулятор буни қатор сабаблар билан изоҳлайди. Масалан, асосий омиллардан бири сифатида монополия ва эркин бўлмаган бозор таъсири экани билдирилган.
“Прогнозимиз ички ва ташқи омилларга асосланади. Лекин ҳаётда бу ўзгарса, прогноз ҳам ўзгариши табиий. Ҳукумат бозорларда структуравий ислоҳотларни давом эттиришини прогнозларда доим кўзда тутамиз. Турли хил товарлар бозорлари бор. Айримларида ҳалигача ҳам бозорларни эркинлаштириш йўлидан юришимиз керак. Бу ҳам албатта инфляция даражасига таъсир қилади. Ўша айрим товарлар бўйича ҳам ҳозир ишлар олиб бориляпти. Номонетар факторлар таъсирини камайтириш бўйича ҳукумат билан ишлаяпмиз. Беш-олтита товар бўйича рақобатни кучайтириш, ишлаб чиқариш ва импорт консентрациясини камайтириш масалаларида ишлар олиб бориляпти. Шу ишлар қанчалик самарали бўлишига қараб, умумий пул-кредит сиёсатимиз натижасини беради”, дейганди Марказий банк раиси Тимур Ишметов.
Жорий йил май ойидан бошлаб Ўзбекистонда йиллик нархлар ўсиш даражаси 7 фоиздан пастга тушди. Хусусан, майда йиллик инфляция 5,5 фоиз, июнда ва июлда 6,4 фоиздан шаклланган. Август ойига келиб 6,2 фоизгача секинлашди.


