Марказий банк банкларга резервлар ва валюта хавф-хатарларини бошқариш бўйича талабларни кучайтирмоқда, шу билан бирга, молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказмоқда. Бу ҳақда МБ раиси Тимур Ишметов Financial Times нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда иқтисодиёт ташқи шокларга тобора кўпроқ дуч келмоқда, шу сабабли регулятор хавфнинг кейинги манбасини олдиндан аниқлашга уриниш ёндашувидан молия тизимининг умумий барқарорлигини оширишга ўтмоқда.
«Ҳозирда биз ноаниқлик янги нормага айланганини тан олишимиз керак бўлган дунёда яшамоқдамиз. Бу сиёсатимизни бироз ўзгартиришга мажбур қилмоқда», — деди Тимур Ишметов.
У ислоҳотлар бошланганидан кейинги дастлабки йиллар асосан ички муаммоларни ҳал қилишга бағишланганини, бироқ кейинчалик COVID-19 пандемияси ва янги ташқи инқирозлар эргашганини таъкидлади.
«Агар илгари биз кўпроқ хавф-хатарларни бошқаришга эътибор қаратган бўлсак, кейинги хавф қаердан келиши мумкинлигини ва ундан қандай ҳимояланишни тушунишга ҳаракат қилган бўлсак, эндиликда, эҳтимол, эътиборни барқарорликка кўпроқ қаратишимиз керак», — деди МБ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, янги шароитда ташқи хавф-хатарлар доимий равишда юзага келишидан келиб чиқиш зарур.
«Кейинги хавф қаердан келишини тушунишга уриниш ўрнига, хавф-хатарлар доимий равишда юзага келишидан келиб чиқиш ва иқтисодиётнинг уларга бардош бериш қобилиятига эътибор қаратиш керак», — деди Ишметов.
Нефть, озиқ-овқат ва логистика
МБ раҳбари инфляция регуляторнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, дунёдаги нефть ва озиқ-овқат нархлари билан боғлиқ ташқи шокларни фақат пул-кредит сиёсати инструментлари орқали бартараф этиб бўлмайди.
«Гап энди фақат пул-кредит ёки фискал сиёсат ҳақида эмас, балки товарларнинг ўзи мавжудлиги ҳақида бормоқда: етказиб беришни қандай таъминлаш, бошқа логистика йўналишларини топиш ёки, имкон бўлса, ушбу товарларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш керак», — деди Тимур Ишметов.
Шу билан бирга, у нархлар барқарорлиги Марказий банкнинг бош вазифаси бўлиб қолишини таъкидлади.
«Агар оширувчи хавф-хатарлар амалга ошаётганини кўрсак, мослашишга ва муносабат билдиришга тайёр бўлишимиз керак. Аммо ҳар қандай глобал ўзгаришларга дарҳол муносабат билдиришимиз шарт эмас. Биз эҳтиёткор бўлишимиз ва маълумотларга таянишимиз керак», — деди регулятор раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, агар ташқи шоклар Ўзбекистон иқтисодиётида реал акс эта бошласа, МБ амалдаги қаътий пул-кредит сиёсатини давом эттиришга тайёр бўлади.
Банклар ҳисоботни халқаро стандартларга ўтказади
Банк секторининг барқарорлиги ҳақида гапирар экан, Ишметов капитал ва ликвидликка қўйиладиган талаблар аллақачон халқаро стандартларга мувофиқлаштирилганини маълум қилди.
Кейинги босқич банкларнинг барча молиявий ҳисоботларини стандартларга (МҲХС) ўтказиш бўлади. Унинг сўзларига кўра, бу жараён банк активлари сифатини баҳолашдаги муаммоларни юзага чиқариши мумкин.
«Биз активлар сифатига қараб етарлича резервлар шакллантиришни анча қатъий талаб қиламиз», — деди Ишметов.
МБ шунингдек банкларнинг валюта хавф-хатарлари устидан назоратни кучайтирмоқда, чунки янада очиқ бозор бир вақтнинг ўзида хавф-хатарларга таъсирчан бўлиб қолади.
«Биз валюта хавф-хатарларини бошқариш бўйича янги тартибни жорий этмоқдамиз, айниқса, банкларда рискдан суғурталанмаган ҳолатлар мавжуд бўлганда янги талабларни қўшдик. Биз доимо мувозанатни сақлашга ҳаракат қиламиз: агар бирор нарсани либераллаштирсак ва бу янги хавф-хатарларни келтириб чиқараётганини кўрсак, бир вақтнинг ўзида ушбу хавф-хатарларни тартибга солишни такомиллаштирамиз ва кучайтирамиз», — деди регулятор раҳбари.


