Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 25август · Сешанба
USD 11 818,07 ▼ −35,48 EUR 13 788,14 ▼ −81,70 RUB 141,69 ▼ −0,17 GBP 16 118,67 ▼ −70,91
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларига пенсия тайинлашда иш стажи ўзаро ҳисобга олинади

Фуқаро бошқа давлатга ёки учинчи мамлакатга кўчиб ўтса ҳам, тайинланган пенсия камайтирилмайди, тўхтатилмайди ёки бекор қилинмайди. Аризага кўра, пенсия уни тайинлаган давлатда тўланиши ёки иккинчи давлат ҳудудига ўтказилиши мумкин.

Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасидаги музокаралар якунида бир қатор ҳужжатлар, жумладан, пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Пенсия жамғармаси ҳужжат икки давлатда меҳнат фаолиятини амалга оширган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини таъминлашга қаратилганини маълум қилди. Битимга кўра, фуқаронинг Ўзбекистон ва Озарбайжонда орттирган иш стажи пенсия ҳуқуқини аниқлашда ҳисобга олинади.

Агар бир давлатдаги иш стажи пенсия олиш ҳуқуқини юзага келтириш учун етарли бўлмаса, иккинчи давлатда орттирилган тегишли стаж ҳам қўшиб ҳисобланиши мумкин. Бунда ҳар бир давлат ўз ҳудудида орттирилган иш стажига мос равишда пенсия тайинлайди ва унинг миқдорини ҳисоблайди.

Шунингдек, фуқаро бошқа давлатга ёки учинчи мамлакатга кўчиб ўтса ҳам, тайинланган пенсия камайтирилмайди, тўхтатилмайди ёки бекор қилинмайди. Фуқаронинг аризасига кўра, пенсия уни тайинлаган давлатда тўланиши ёки иккинчи давлат ҳудудига ўтказилиши мумкин.

Пенсия тайинлаш, қайта ҳисоблаш ёки тўлаш билан боғлиқ мурожаатни фуқаро ўзи яшаётган давлатдаги тегишли муассасасига бериши мумкин. Битимда назарда тутилган ҳолларда бундай мурожаат иккинчи давлатга ҳам берилган деб ҳисобланади, зарур маълумот ва ҳужжатлар эса икки давлатнинг ваколатли муассасалари ўртасида юборилади.

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ваколатли органлари ва тегишли муассасалари пенсия тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар бўйича тўғридан тўғри ахборот алмашади ва ўзаро амалий ёрдам кўрсатади. Бу фуқаролар учун маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва пенсия масалаларини тезкор ҳал қилиши қайд этилди.

Битим тегишли тартиб-таомиллар якунланганидан кейин кучга киради. Уни амалда қўллашнинг ташкилий ва техник тартиблари алоҳида Маъмурий келишув билан белгиланади.