«Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳудудларда жами 8,1 миллион метр квадратдан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;
ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;
уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;
«Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш.
Шунингдек, 2025 йилда «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
2025 йил 1 мартдан «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.


