Тошкентда «Абай. Қардош халқлар мероси» номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаев иштирок этди.

Маросимни Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очди.

«Бугун, албатта, ҳаммамиз чуқур ҳаяжондамиз. Чунки Тошкентда қозоқ миллатининг буюк намоёндаси, мутаффакири Абайга бағишланган катта кўргазма очилмоқда. Ушбу кўргазмада биз илк бор Абайнинг ҳаёт ва ижодига бағишланган кўплаб артефактларни Қозоғистоннинг йирик музейларидан намойиш қилмоқдамиз.
Кўргазманинг эътиробни ўзига тортадиган жиҳатларидан бири — бу орқали Абайнинг нафақат қозоқ, балки бутун туркий дунёнинг йирик мутафаккири бўлганини англашимиз мумкин. Бундан ташқари, Абайнинг фалсафаси, дунёқараши орқали қозоқ—ўзбек милларлари нақадар яқинлигини англаймиз.
Ушбу кўргазмани ўтказиш бўйича топшириқ бевосита Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган. Бу орқали халқларимиз дўстлиги абадийлигини бутун дунёга тасдиқлаб бермоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларини кўргазмада фаол иштирок этишга таклиф этамиз», — дейди туризм ва маданий мерос вазири.
Ўз навбатида, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаев кўргазмани ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, унинг юқори савияда эканлигини таъкидлади.

Алишер Навоий ва Абай ижоди нафақат туркий, балки умуминсоний қадриятларнинг шаклланиши намунасини ўзида мужассам этган буюк меросдир. Ҳар икки мутафаккир турли даврларда яшаб ижод қилган бўлсада, уларни шеъриятдаги инсонпарварликка интилиш, ислоҳотчилик руҳи бирлаштиради. Улар икки қардош халқнинг маънавий устунлари, – Даурен Абаев.
Шунингдек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида қозоқ адиби Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқа мутасадди раҳбарлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этди.



