Ўзбекистонда газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 192 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилишича, 2022 йил декабрь ойининг ўтган даври давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция», ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 192 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилди.
Бундай ноқонуний ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 10,2 млрд сўмни ва газ ҳажми 10,2 млн куб метрни ташкил этган.
Маълумот учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ўртача 17 мингга яқин ҳовли уйлардаги хонадонларнинг куз-қиш мавсумида бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари асосан Навоий вилоятида (2,4 млрд сўм), Жиззахда (2,0 млрд сўм), Бухорода (0,9 млрд сўм), Қашқадарёда (0,267 млрд сўм), Тошкент вилоятида (0,8 млрд сўм) ва Тошкент шаҳрида (0,165 млрд сўм) аниқланган.

