Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон 6 ойда қанча мева-сабзавот экспорт қилгани маълум бўлди

Ҳорижий мамлакатларга 820,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берилди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қиймати 449,4 миллион долларга тенг бўлган мева-сабзавот экспорт қилди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 449,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 820,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Мазкур кўрсаткич 2021 йилнинг шу давридагига нисбатан 11,6 фоиз кўп.

Таъкидланишича, мева-сабзавотлар экспортида қиймати жиҳатидан узум (майизни қўшган ҳолда) энг катта улушга эга — 10,9 фоиз. Ундан кейинги ўринларни помидор — 9,4 фоиз, мош — 9,1 фоиз, гилос — 7,4 фоиз, карам — 7,2 фоиз, пиёз — 5,2 фоиз, шафтоли — 4,0 фоиз, қовун ва тарвуз — 3,6 фоиз эгаллаган. 2022 йилнинг январь-июнь ойларида экспортнинг умумий ҳажмида мева-сабзавотларнинг улуши 4,5 фоизни ташкил этган.

Мева-сабзавотларнинг асосий қисми Россия (36,3 фоиз), Қозоғистон (24,5 фоиз), Хитой (9,8 фоиз), Покистон (4,9 фоиз), Қирғизистон (4,8 фоиз) Афғонистон (3,5 фоиз), Беларусь (2,5 фоиз) каби мамлакатларга экспорт қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп мева-сабзавот экспорт қилаётган ҳудудлар бўйича маълумот берилганди. Унга кўра, хорижга мева-сабзавот экспорт қилаётган ҳудудлар орасида Фарғона вилояти (206,4 миллион доллар), Тошкент вилояти — (140 миллион доллар) ва Самарқанд вилояти — (108 миллион доллар) етакчилик қилган.