Ўзбекистонга июнь ойида хориждан 500 мингга яқин турист ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистонга 2022 йилнинг июнь ойида чет элдан 493 минг 888 нафар турист ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 307 146 нафарга ёки деярли 3 бараварга кўпдир.
Июнь ойида қўшни давлатлардан жами 414 763 нафар туристлар ташрифи кузатилган. Хусусан, Қозоғистондан 178 118 нафар, Қирғизистондан 123 290 нафар, Тожикистондан эса 113 216 нафар турист келган.
Шунингдек, МДҲ давлатларидан жами 56 547 нафар сайёҳ Ўзбекистонда бўлган. Хусусан, Россиядан 53 421 нафар, Озарбайжондан 1227 нафар турист Ўзбекистонга қизиқиш билдирган.
Узоқ хориж давлатларидан июн ойида 22 578 нафар турист меҳмон бўлган. Жумладан, уларнинг 1504 нафари АҚШ, 1495 нафари Германия, 1477 нафари Ҳиндистон, 1685 нафари Жанубий Корея, 7308 нафари эса Туркиядан келган туристлардир.


