Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш: хаёлми ёки ҳақиқат?

Мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда 4 кунлик иш ҳафтаси ўтиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда миллий иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи энг муҳим омиллардан бири бу меҳнат ва ҳаётий  қадриятларни муваффақиятли равишда уйғунлаштиришдир. Ўтган асрда таниқли иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс келажакда автоматлаштириш, янги технологияларга ўтиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали одамлар ҳафтасига атиги 15 соат ишлайди, деб башорат қилганди.

Европа давлатлари дунёда иш вақтини қисқартириш бўйича етакчи ҳисобланади. ИҲТТ маълумотларига кўра, Европа мамлакатларида ўртача иш ҳафтаси 37 соатни ташкил қилади. Энг қисқа иш ҳафтаси Норвегия (33,5), Дания (32,5) ва Нидерландия (29,4) каби мамлакатларда кузатилади. Бугунги кунда дунёда ўртача иш ҳафтаси 40 соатни ташкил қилади.

Бироқ сўнгги ўн йил ичида иш берувчилар томонидан дунё бўйлаб ходимлар учун тўлиқсиз иш куни ва мослашувчан иш жадвалини жорий этиш тобора оммалашмоқда. Бандликнинг ушбу усулидан айниқса, коронавирус пандемияси даврида кенг фойдаланилди. 

Дунёнинг кўплаб давлатлари иш ҳафтасини қисқартиришни самарали йўллар билан синаб кўраётган бир пайтда, Ўзбекистон аҳолиси меъёрдагидан кўпроқ ишламоқда. Бу ҳолат фуқароларнинг дам олиш ва ҳордиқ чиқариш ҳуқуқи, шу жумладан иш куни ва ҳақ тўланадиган таътилларни самарали чеклаш бўйича ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини қонун билан мустаҳкамлашга оид  масалаларни ҳал қилишни тақозо этади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Конституциясининг 38-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши жамиятнинг қулай меҳнат шароитлари ҳамда меҳнатга лаёқатлилигини тиклашга бўлган ҳуқуқлари асосига айланади.

Ўзбекистонликлар ҳам Европа давлатлари аҳолиси каби ҳафтада 4 кун ишласа нима бўлади?

Ўзбекистоннинг Европа амалиётидагидек 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Ушбу масалани илмий нуқтаи назардан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун, биринчи навбатда, иш ҳафтасининг қисқариши меҳнат унумдорлигига қандай таъсир қилиши мумкинлигини таҳлил қилиш зарур.

Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасининг меҳнат унумдорлигига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиқди.

Корреляцион таҳлил натижаларига кўра, меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланди – корреляция коэффициенти – 0,40. Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, саноатда иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасидаги корреляция коэффициенти – 0,45 ни ташкил этди. Бу юқори корреляцияни тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаблари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилмагани, дея ҳисобланган.

Шунга қарамай, мутахассислар 4 кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилди. Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари яъни, IT соҳаси, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан билан боғлиқ соҳалардир. 

Шу билан бирга, айтиб ўтиш жоизки, IT соҳасидаги ходимларининг аксарияти анча мослашувчан иш тартибига эга. Банкларнинг 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларни секинлаштириши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ иши ҳиссий, ақлий, асабий тарангликни кучайтириш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган (Меҳнат кодексининг 118-моддаси). 

Бироқ, таҳлил натижаларига кўра, таълим (корреляция коэффиценти -0,15), соғлиқни сақлаш (-0,21), IT соҳаси (-0,09), илмий фаолият (-0,07) ва молия тизимида (-0,06) иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасида корреляцион боғлиқлик мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳаларда иш вақтини қисқартириш имкониятлари мавжуд эканлигидан далолат беради.

Таҳлил натижалари меҳнат фаолиятининг бир йилда қанча давом этиши меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил эмаслиги, аммо уларнинг ўзаро боғлиқ эканлиги ва бунга шубҳа йўқлигини кўрсатди. 

Пандемия шароитида кўплаб корхоналарнинг ўз ходимларини ноиложликдан масофадан ишлашга ўтказиши ушбу бандлик тури самарали эканлигини кўрсатди ва бутун дунё бўйлаб бандликнинг турли шаклларидан фойдаланиш имконини берди.

Юқоридаги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигини сифат жиҳатидан янада ошириш ва ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини уйғунлаштириш нуқтаи назаридан иш ҳафтасини қисқартириш учун шарт-шароитлар мавжуд. Буни бир неча усул билан амалга ошириш мумкин:

  • тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш;
  • ходимларни қўшимча «ўзгарувчан» дам олиш куни билан таъминлаш;
  • иш вақтини қисқартириш.

Мослашувчан иш жадвалига ўтиш ва иш ҳафтасини қисқартириш бир қатор имтиёзларни шакллантиришда ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, умумий иш самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:

Биринчидан, ходимларнинг соғлиғи яхшиланади: қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши дам олиш ва иш учун куч тўплаш имконини беради.

Иккинчидан, аҳолининг, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши самарали кураш таъминланади.

Учинчидан, ходимларнинг иштиёқи кучаяди, муҳим вазифаларни тез ва сифатли бажаришда фикрини жамлай олади, иш вақтини йўқотиш қисқаради.

Тўртинчидан, иш вақтини қисқартириш экология ва транспортга тушадиган зўриқишни, шунингдек, ёнилғи ва энергия сарфини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Бешинчидан, кўнгилочар ва маданият соҳасини ривожлантиришга қўшимча туртки бўлади.

Олтинчидан, аҳоли турмуш даражаси яхшиланади. Вақтни оила даврасида ўтказиш, севимли машғулот билан шуғулланиш, маданий савиясини юксалтириш, спорт билан шуғулланиш, ўз-ўзини тарбиялаш учун кенг имкониятлар яратилади.

Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганган ҳолда, шунингдек, ҳисоб-китоб натижаларига кўра, ПМТИ мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда 4 кунлик иш ҳафтаси ўтиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблайди.

М. Аҳмедова — ПМТИ гуруҳ раҳбари