Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Мўйноқда «Стихия» фестивали ўтказилади

Лойиҳалар ва фестиваль дастури ҳақида батафсил маълумотлар тез кунларда маълум қилинади.

Мўйноқдаги «кемалар қабристони»да 2022 йил 6–8 май кунлари «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа 2017 йилда Мўйноқ шаҳрида Орол денгизининг экологик ҳалокатидан хабардорликни ошириш ва минтақанинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистонда яшовчи халқларни бутун дунёга танитиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда Орол фожеаси бутун Марказий Осиё минтақасидаги энг кескин экологик муаммо бўлиб қолмоқда. Президент Шавкат Мирзиёйев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини ушбу табиий офатга эътибор қаратишга ва бу борада саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирган эди.

Бугунги кунда «Стихия» бутун дунёдан мусиқачилар, «DJ»лар, продюсерлар, рассомлар ва олимлар иштирокидаги бир нечта лойиҳаларнинг аралашмасига айланди. Уларнинг барчасини ер юзидаги ўзига хос масканда диққатга сазовор жой яратиш мақсади бирлаштиради.

Бу йилги фестиваль учун учта алоҳида-алоҳида саҳна яратилади: электрон, прогрессив ва этник. Унда Ўзбекистон, Туркия, Россия, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Нидерландия, Украина, Франция, Швеция ва Япониядан 30 га яқин машҳур «DJ»лар иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль учун қўшимча рейслар йўлга қўйилди. Бундай ҳолат аввалги йилларда кузатилмаган.

Фестиваль ўзида «Стихия Ген лойиҳалари», «Форум Стихия Н+1», «6 миллиард дарахт» ва турли ижтимоий ташаббусларни қамраб олади. Лойиҳалар ва фестиваль дастури ҳақида батафсил маълумотлар тез кунларда маълум қилинади.

Фестивалга чиптани www.stihia.org сайтидан харид қилиш мумкин.