Жаҳон ҳарбий харажатларининг умумий ҳажми 2021 йилда 2,1 триллион долларни ташкил этди, дея хабар берди Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) ўз ҳисоботида. Илгари йиллик мудофаа харажатлари ҳеч қачон 2 триллион доллардан ошмаган эди.
Қўшма Штатлар қурол-яроғ харажатлари бўйича мутлақ етакчи бўлиб қолмоқда. SIPRI маълумотларига кўра, 2021 йили уларнинг ҳарбий харажатлари 801 миллиард долларни ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан 1,4 фоизга кам.
Ҳисоботда айтилишича, сўнгги ўн йил ичида АҚШ ҳарбий тадқиқотлар ва ишланмаларга инвестицияларни кўпайтирди (харажатларнинг ушбу моддаси 24 фоизга ўсди) ва тайёр қурол сотиб олишга сарфланадиган харажатларни (-6,4 фоизга) камайтирди.
Иккинчи ўринни сўнгги 27 йил давомида мудофаа бюджетини доимий равишда ошириб келаётган Хитой эгаллади.
SIPRI экспертларининг таъкидлашича, 2021 йили Пекин қурол-яроғ учун тахминан 293 миллиард доллар сарфлаган, бу 2020 йилга нисбатан 4,7 фоизга кўп. Ҳарбий харажатлар бўйича биринчи бешликка Ҳиндистон (76,6 миллиард доллар, +0,9 фоиз) ва Буюк Британия (68,4 миллиард доллар, +3 фоиз) киради.
Россия жаҳон рейтингида бешинчи ўринни эгаллади. СИПРИ маълумотларига кўра, Украинага ҳужум арафасида давлат қурол-яроғ сотиб олиш ва модернизация қилиш учун 65,9 миллиард доллар сарфлаган, бу 2021 йилга нисбатан 2,9 фоизга кўпдир.
Ҳисоботга кўра, Россиянинг мудофаа харажатлари Қрим аннексия қилинганидан кейин жорий этилган санкциялар босими остида 2016 йилдан 2019 йилгача қисқарган, бироқ кучли нефть ва газ даромадлари туфайли 2021 йилда кўпайган.
Ҳисоботда айтилишича, Украинанинг ҳарбий харажатлари 2014 йилдан кейин кескин ошиб, 2021 йилга келиб 72 фоизга ошган. Бироқ 2021 йилда бу тенденция тўхтатилди ва мамлакат мудофаа харажатлари 8,5 фоизга қисқариб, 5,9 миллиард долларни ташкил қилди.
Аввалроқ Германия мудофаа вазирлиги Американинг Boeing компаниясидан 60 та Chinook CH-47F оғир транспорт вертолётини харид қилиши ҳақида хабар берилганди.


