Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 27сентябр · Якшанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Тиббиётда хусусий сектор ва ходимларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Ҳужжат билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Президентнинг «Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

У билан қуйидагилар белгиланди:

  • юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида ундирилади;
  • Ўзбекистонга қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан, диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар ўқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди;
  • Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинади;
  • даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб бекор қилинади. Бунда, даволаш муассасалари томонидан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш автоматлаштирилган махсус дастур орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, юридик шахслар томонидан, шу жумладан, лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилди.