АҚШ Президенти Жо Байден Россия гази ва нефтини импорт қилишни тақиқловчи ҳамда Россия ва Беларусь билан нормал савдо алоқаларини тўхтатувчи қонунларни имзолади. Қонунлар аввалроқ АҚШ Конгресси томонидан маъқулланган эди.
Жаноб Байден март ойи бошида Россиядан энергия импортини тақиқловчи фармонни имзолаган эди. Конгресс томонидан маъқулланган қонунда эмбаргони олиб ташлаш мумкин бўлган шартлар санаб ўтилган.
Россия ва Беларусь билан нормал савдо алоқаларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун расмийларга Жаҳон Савдо Ташкилотининг бошқа аъзоларига қараганда юқорироқ божлар қўйиш имконини беради. Ушбу чора 2024 йилгача амал қилади.
Ғарб санкциялари
АҚШ Президент Владимир Путин буйруғи билан 24 февралдан бери Украинага қилинаётган ҳужумга жавобан Россияга қарши санкциялар киритмоқда. Байден маъмурияти Россиянинг энг йирик молиявий институтлари ва Россия раҳбариятига алоқадор деб ҳисоблаган бир қатор шахсларга қарши санкцияларни аллақачон эълон қилган.
Европа Иттифоқининг расмий журналида хабар қилинганидек, ЕИ ҳам Россияга қарши навбатдаги санкцияларни жорий қилди. Иттифоқ Россияга евро купюраларини етказиб бериш ва сотиш бўйича тақиқни «янгилади». Энди бу қоида нафақат еврога, балки Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг валюталарига ҳам тегишли.
Бундан ташқари, Президент Жо Байденнинг фармойишига кўра, АҚШ фуқаролари қаерда бўлишидан қатъи назар, Россияга ҳар қандай янги сармоя киритиши тақиқланади.
Оқ уй матбуот баёнотида бош вазир Михаил Мишустин, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, президент Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи ва рафиқаси тилга олинган.
Молиявий институтларга нисбатан санкциялар
Аввалроқ АҚШ Россиянинг энг йирик банки «Сбербанк» ва мамлакатнинг энг йирик хусусий банки «Альфа-Банк»га нисбатан тўлиқ блокировка қилувчи санкциялар жорий қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Санкциялар «Сбербанк» ва «Альфа»нинг АҚШ молия тизими билан боғлиқ активларини тўлиқ музлатиш ва мамлакат фуқароларига ушбу кредит ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни тақиқлашни назарда тутади.
Шундан сўнг «Сбербанк» ўз мижозларининг хорижий активларини бошқа брокерларга ўтказишга қарор қилди.
«Сбер»нинг таъкидлашича, ўтказма хорижий компанияларнинг қимматли қоғозларига, шунингдек, Россия компанияларининг мамлакатдан ташқарида чиқарилган ва рўйхатдан ўтган қимматли қоғозларига таъсир қилади. Улар орасида Yandex, «Тинькофф», Polymetal, X5 Group, VK, Lenta, Ozon ва бошқалар бор.


