Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

Мирзиёев ва Жапаров «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш мавзусига яна тўхталди. Лойиҳа ҳақида нималар маълум?

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йилларнинг бошларида эълон қилинганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида давлат раҳбарлари «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш масаласи бўйича ҳам фикр алмашди. Лойиҳа ҳақида нималар маълум?

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йилларнинг бошларида эълон қилинганди, аммо ўша вақтдан бери бу нарса амалга оширилмади. 2002 йилда Пекин келажакдаги тармоқнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқди ва унинг йўналишини аниқлади. Ўша ғояга кўра, йўл Торугарт довони орқали Арпадан ўтиб, Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб бориши ҳамда у ердан Ўзбекистонга олиб бориши лозим эди. Унинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил қилиши керак бўлган.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳокимият тепасига келганидан сўнг, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» йўналишининг ўрнига «Тожикистон-Қирғизистон-Қозоғистон-Россия» йўли қуришни таклиф қилди. Аммо, бу ғоя ҳеч ким томонидан қўллаб-қувватланмади. Шундан сўнг Қирғизистон расмийлари яна «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» йўли лойиҳасига қайтди ва янги йўналишни таклиф қилди.

Янги ҳукумат давридаги илк овозалар

Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев «Биринчи радио» радиоканалига берган интервьюси чоғида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» йўналиши бўйича янги темир йўл қурилиши 2016 йилда бошланишини айтиб ўтганди.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл йўналиши қурилиши бизга денгизга чиқиш имкониятини яратади. Ҳозирги вақтда мазкур лойиҳа Хитой томонидан кўриб чиқилмоқда. ХХР мазкур лойиҳани қисқа муддатда фойдаланишга топширилиши учун барча мавжуд имкониятларни ишга солишини билдирган»,— деганди Темир Сариев.

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев ҳам Ўзбекистонда Биринчи Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайлови арафасида Шавкат Мирзиёев билан суҳбат чоғида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини тилга олганди.

«Халқ мен деярли 10 йилдан буён биладиган ва танишдан ҳам яқинроқ бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти сифатида танлайди, деб умид қиламан. У ёки бу сабаблар билан тўхтаб қолган кўплаб лойиҳаларни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон манфаатлари йўлида амалга ошириш вақти келди деб ўйлайман. Хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишидаги йўл қурилиши», — деганди Атамбоев.

Кейинчалик собиқ Президентнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Хитойдан Форс кўрфазига олиб борувчи темир йўл қурилиши истиқболлари муҳокама қилиниши ҳақида хабар берилди.

Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари

2017 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этди. Форум майдони Ўзбекистон ва Қирғизистон учун узоқ вақтдан бери бир жойдан силжимаётган «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши ва унинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусига қўшилишини муҳокама қилиш учун қулай имконият тақдим этди.

Мирзиёев, ўз навбатида, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл тармоғи (Афғонистон билан бирга) Покистон ва Эрондаги портларга чиқиш имконини берувчи «Бир макон, бир йўл» дастурига қўшилишига умид билдирди.

Ўзбекистон Президенти 2017 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммитида ҳам «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиши Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқишида алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, ШҲТ давлатлари темир йўл соҳаси раҳбарларининг учрашувларини ташкил қилиш зарурлигини айтди. 

Жээнбеков даврида лойиҳа тақдири

2018 йил Қирғизистон транспорт ва йўллар вазирлиги собиқ статс-котиби Эрмек Мамиркалиев «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиш лойиҳасига кўра, ҳозирги вақтда Хитой томони табиий ва камерал тадқиқотларда олинган бу борадаги материалларни ўрганаётганини маълум қилди.

«Томонлар техник масалалар бўйича якуний қарор қабул қилиш учун икки томонлама йиғилиш ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар. Техник гуруҳ йиғилиши 2018 йилнинг апрелида Пекин шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган», — деди у. 

Шунингдек, Қирғизистон собиқ Президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида ушбу масалага тўхталди.

«Биз Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси тезроқ амалга оширилиши тарафдоримиз», — деди Сооронбай Жээнбеков.

Кейинчалик Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг учрашувида ШҲТ собиқ бош котиби Владимир Норов ҳам темир йўл масаласига тўхталди.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши истиқболда транспорт тармоғининг муҳим бўғинига айланади, деб ҳисоблаймиз. Минтақавий магистралларни қуришда ШҲТ Афғонистон алоқа гуруҳи имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонни ҳам жалб этиш муҳим», — деди Норов.

Қирғизистон собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков 2019 йил охирида Россия техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун 200 миллион рубль (ўша вақтда РФ Марказий банки курси бўйича 3 136 364 доллар) ажратганини маълум қилди.

Сооронбай Жээнбеков «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасини амалга ошириш аҳамиятига алоҳида урғу бериб, бу бўйича барча томонларнинг сиёсий қарорлари қабул қилинганини эслатди. 

«Бизнинг денгизга чиқиш имконимиз йўқ. Пандемия шароитида янада қамалиб қолдик. Чегаралар ёпилди, нафақат иқтисодий, балки озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳам хавотирлар пайдо бўлди. Аҳолини биринчи галда зарур маҳсулотлар билан таъминлаш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Шунинг учун мамлакатнинг транзит салоҳиятини кўтариш жуда муҳим ҳисобланади, ‘Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон’ темир йўли лойиҳаси бизга ҳаводек зарур», — деган Жээнбеков. 

Президент бу йўналишда узлуксиз ишни ташкил этиш зарурлигини таъкидлаб, вазирликнинг «Қирғиз темир йўли» миллий компанияси устидан назоратини кучайтириш кераклигини қайд этди.

Сўнгги янгиликлар

Шавкат Мирзиёев 2022 йил Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарлари саммитидаги нутқида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий рўёбга чиқаришга жорий йилдаёқ киришиш муҳимлигини таъкидлади.

Мавжуд транспорт коридорларини диверсификация қилиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Трансафғон темир йўли орқали Жанубий Осиёга, «Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой» темир йўли орқали Осиё–Тинч океани минтақасига ҳамда Жанубий Кавказни кесиб ўтадиган мультимодал транспорт коридори орқали Европа мамлакатларига етказиш учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.