Президент Шавкат Мирзиёев 4,5 минг гектар ер участкаларини савдога чиқаришга кўрсатма берди. Бу ҳақда 31 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, йиғилишда ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.
Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бугунданоқ аниқ ҳисоб-китоб қилиб, уч кун муддатда ўз режаларини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, Солиқ ва Божхона қўмиталарига тушумларни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, ўтган ҳафтада 1,5 мингдан зиёд давлат мулкини савдога чиқариш бўйича имзоланган Президент қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.
Масалан, 2022 йил 1 майга қадар 50 мингта (4,5 минг гектар) ер участкаларини савдога чиқариш назарда тутилган. Бироқ, Самарқандда ҳозирги кунгача бор-йўғи 6 та ер участкаси электрон савдоларга қўйилган. Қолган ҳудудларда эса биронта ер участкаси савдога чиқарилмаган.
Икки ҳафта муддатда ушбу ерларни тўлиқ аукционга чиқариб, 1 июлга қадар уларнинг камида 50 фоизи сотилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга имтиёз берилиши хабар қилинганди.


