Ҳонконгнинг Cathay Pacific авиакомпанияси Нью-Йорк–Ҳонконг рейсларида Россия ҳаво ҳудудида парвозларни тўхтатиб, бу йўналишни дунёдаги энг узун йўналишга айлантирмоқчи. Бу ҳақда компаниянинг ички ҳужжатларига таяниб Bloomberg хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Cathay Pacific Жон Кеннеди халқаро аэропортидан Атлантика океани, Буюк Британия, Европа, Туркия ва Марказий Осиё устидан учишни режалаштирмоқда. Маршрутнинг узунлиги 16 минг 618 километр бўлиб, саёҳат тахминан 17 соат давом этади. Арктика орқали ва Россия устидан ўтадиган одатий йўналиш 12 минг 990 километрни ташкил этган ва тахминан 15 соат давом этган.
Янги йўналишни Сингапурдан Нью-Йоркка 17,5 соат давом этадиган ва 15 минг 349 километр масофани ташкил этувчи Singapore Airlines авиакомпаниясининг йўналиши ортда қолдиради.
«Ҳонконгдан Нью-Йоркка янги йўналишда Airbus А350-1000 самолётлари уча олади», — деди Cathay Pacific вакили.
Унинг сўзларига кўра, мавсумий ҳамроҳ шамоллари туфайли Тинч океани бўйлаб парвоздан кўра, Атлантика океани устидаги маршрут қулайроқ кўринади. Компания аллақачон Россияни айланиб парвоз қилмоқда, бироқ у Лос-Анжелесдаги оралиқ тўхташ жойи билан Тинч океани устидан учиб ўтмоқда. Янги йўналиш қўшимча қўнишни талаб қилмайди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи давлатлари, уларга қўшни давлатлар, АҚШ ва Канада Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан сўнг ўз ҳаво ҳудудини Россия самолётлари учун ёпди. Россия бунга жавобан 36 мамлакатдан келган авиакомпаниялар учун осмонни ёпди. Улар орасида Ҳонконг ва Хитой йўқ эди, бироқ кўплаб авиаташувчилар ҳали ҳам Россия устидан парвозлардан қочишни бошлади.
Австралиянинг Qantas Airways авиакомпанияси дунёдаги энг узоқ парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда: у Сиднейдан Лондон ва Нью-Йоркка 20 соатлик йўлни ўз ичига олади. Ушбу йўналиш бўйича парвозлар бошланиши коронавирус пандемияси сабабли қолдирилган.
Аввалроқ Хитой Россия компанияларига самолёт қисмларини етказиб беришдан бош тортгани хабар қилинганди.


