Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Xiaomi’нинг тўртинчи чоракдаги соф фойдаси кескин камайиб кетди

Фойданинг камайишига катта ҳажмдаги инвестицияларнинг компания ҳисобидан чиқарилиши сабаб бўлди.

Фото: «deccanherald.com»

Хитойнинг электроника ишлаб чиқарувчиси Xiaomi Corp’нинг тўртинчи чоракдаги соф фойдаси 72 фоизга камайди, шу билан бирга компаниянинг даромади ошди. Бу ҳақда компаниянинг йиллик ҳисоботида маълум қилинди.

Компания матбуот баёнотига кўра, тўртинчи чоракдаги соф фойда 2021 йилнинг шу давридаги 8,8 миллиард юандан 2,44 миллиард юанга (383,9 миллион доллар ёки -28 фоиз) камайди.

Фойданинг пасайишига 3,14 миллиард юань миқдоридаги инвестициялар қийматининг ҳисобдан чиқарилиши сабаб бўлди. Шу билан бирга, компаниянинг даромади 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ошиб, 85,58 миллиард юанга етди. Даромаднинг ўсиши ҳам жисмоний кўринишда сотишнинг ўсиши, ҳам сотиш баҳосининг ошиши ҳисобига таъминланди.

Xiaomi 2021 йил давомида ўз даромадини 33,5 фоизга ошириб, 328,31 миллиард юанга етказди. Шу билан бирга, соф фойда 5,1 фоизга камайди ва 19,28 миллиард юанни ташкил этди.

Қайд этилишича, хориждаги операциялардан олинган даромад 2021 йили 33,7 фоизга ўсиб, 163,6 миллиард юанга етган, бу Xiaomi умумий даромадининг 49,8 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, 2021 йили компания 190,3 миллион дона телефон сотган, бу 2020 йилга нисбатан 30 фоизга кўп. Бу дунёдаги энг яхши бешта смартфон сотувчиси орасида рекорд даражада ўсишдир. Canalys маълумотларига кўра, Xiaomi 2021 йилда 14,1 фоиз бозор улуши билан дунёдаги етакчи смартфон ишлаб чиқарувчилари рўйхатида учинчи ўринни эгаллади. 2021 йилда Xiaomi «ақлли» телевизорларининг глобал савдоси 12,3 миллион донага етди.

Компаниянинг буюмлар интернети (IoT) ва маиший электроника сегментидаги даромади 2021 йили 26,1 фоизга ўсиб, 85 миллиард юанга етди. Xiaomi истеъмолчи IoT платформасига уланган 434 миллион дона ақлли қурилмалар, смартфонлар ва ноутбуклар бундан мустасно — бир йилда бу кўрсаткич 33,6 фоизга ўсди.

Бундан ташқари, 2021 йилда компаниянинг интернет хизматидан тушган даромади 18,8 фоизга ошиб, 28,2 миллиард юанга етди.

Аввалроқ Xiaomi янги Watch S1 «ақлли» соатини намойиш қилганди. Шунингдек, Xiaomi ва Huawei Россияга смартфон етказиб беришни сезиларли даражада камайтиргани ҳақида хабар берилди.