Telegram’нинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари орасида банк картасидан пул ўғирланишига олиб келадиган фирибгарлик ҳийла-найранг тарқалмоқда. Бу ҳақда Telegram Uzbekistan хабар берди.
Қуйида фирибгарлик жараёни қандай кечиши ҳақида сўз боради.

Фирибгарлик схемаси №1:
- Фирибгар фойдаланувчи эълонга қўйган товарни гўёки харид қилиш учун фойдаланувчи билан боғланади.
- Эълондаги нархга рози бўлади (ёки савдолашади ва барибир нархга рози бўлади).
- Click орқали тўлашини (ёки шундай тўлашга гапни олиб келади) айтади.
- Тўловни амалга оширганлиги ҳақида хабар беради ва фойдаланувчига гўёки картасига пул маблағи қабул қилиниши учун ҳавола юборади.
- Фойдаланувчи ўз карта маълумотларни киритади ва катта эҳтимоллик билан ундаги маблағдан айрилади.

Фирибгарлик схемаси №2:
- Фирибгар сохта Click (шундай исм ва логотипга эга) профилидан фойдаланувчи билан боғланиб, гўёки фойдаланувчи пул мукофотини қўлга киритгани ҳақида хабар беради.
- Фойдаланувчи пул мукофотини олиши учун унга ҳавола юборади.
- Фойдаланувчи ўз карта маълумотларни киритади ва катта эҳтимоллик билан ундаги маблағдан айрилади.

Нима қилиш керак:
- Профилга спам сабаби бўйича шикоят юборинг ва уни блокланг.
- Дўстларингизни фирибгарлик ҳақида огоҳлантиринг.
- Фирибгарнинг маълумотларига эга бўлсангиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беринг.
- Ҳар қандай ҳаракатдан олдин агар шубҳангиз бўлса @TeleUzRobot’дан маслаҳат сўранг.
Нима қилмаслик керак:
- Ҳаволани очманг.
- Банк картаси маълумотлари ва бошқа шахсий маълумотларни киритманг.
- Telegram’даги Click тизимининг расмий ресурслари
Telegram канал: @click_uz.
Telegram бот: @clickuz.


