Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Самарқанд халқаро аэропортига 8 та хорижий авиакомпания жалб қилинади

Аэропортни йирик транспорт хабига айлантириш дастури ишлаб чиқилади.

Фото: Uzbekistan Airways

Транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортига 8 та хорижий авиакомпания жалб қилинади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳага кўра, 2022 йилнинг мартига қадар Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш Чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда:

  • маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сонини ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географиясини 4 та йўналишдан 5 тагача ошириш;
  • халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сонини ҳафтасига 25 тагача, географиясини 4 та йўналишдан 8 тагача ошириш;
  • «Очиқ осмон» режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйишни назарда тутади.

Аввалроқ реконструкция қилингани сабаб бир неча ой ёпиқ турган Самарқанд халқаро аэропорти декабрнинг ўрталаридан мунтазам халқаро қатновларни йўлга қўйгани хабар қилинганди.