Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси сентябрь ойида 8 та банкка нисбатан жарима санкцияларини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита ой давомида 8 та йиғилиш ўтказиб, жами 37 та масалани кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди.
Хусусан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 21 та масала муҳокама қилинди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш бўйича 2 та, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш бўйича 7 та масала кўриб чиқилди.
Шунингдек, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш бўйича 3 та, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқиш бўйича 9 та масала муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 16 та масала кўриб чиқилди.
Жумладан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларига риоя этилиши, инспекция текширувлари натижалари ҳамда молиявий хизматларни «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
