Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 сентябрь ҳолатига қарийб 7,8 млрд долларга — 64,35 млрд доллардан 72,13 млрд долларгача (+12,1%) ошди. Бу Марказий банкнинг маълумотларидан келиб чиқади.
Захиралар ўсишининг асосий сабаби қимматбаҳо металл нархининг ошиши ва бир вақтнинг ўзида олтиннинг физик ҳажми кўпайиши фонида олтин захираси қийматининг кескин ошиши бўлди.
Август ойида захиралар таркибидаги олтин қиймати 8,81 млрд долларга — 56,12 млрд доллардан 64,93 млрд долларгача ошди.
Шу билан бирга, олтиннинг физик ҳажми ҳам 258,9 минг трой унцияга ёки қарийб 8,05 тоннага — 13,85 млн дан 14,11 млн трой унциягача (қарийб 438,9 тонна) кўпайди. Бу 2013 йилдан буён статистика юритила бошланганидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Олтиннинг захиралардаги улуши 90 фоизга етди.
Шу тариқа, июль ойида қарийб 0,94 тоннага қисқарганидан сўнг Марказий банк олтин захираларининг физик ҳажмини яна оширди.
Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида олтин нархи бир трой унция учун 4052,2 доллардан 4602 долларгача — қарийб 13,6 фоизга ошди. Бу захиралар қийматини 7,8 млрд долларга кўпайтирди.
Август ойида жаҳон бозорида олтин нархи бир неча ой давом этган пасайишдан сўнг ошди. Ўсишга АҚШ ва Япониянинг иенани қўллаб-қувватлаш учун валюта интервенцияларидан кейин доллар курсининг заифлашиши, АҚШ Молия вазирлигининг давлат облигацияларини қайта сотиб олиш ҳажмини ошириш режалари фонида Америка давлат облигациялари даромадлилигининг пасайиши, шунингдек, Яқин Шарқда сақланиб қолаётган геосиёсий кескинлик туртки берди. Қўшимча талабни июль охиридан яна олтинни фаол харид қила бошлаган биржа фондлари таъминлади.
Шу билан бирга, халқаро захираларнинг валюта қисми, аксинча, сезиларли даражада қисқарди. Хорижий валютадаги захира активлари ҳажми қарийб 1,02 млрд долларга — 7,65 млрд доллардан 6,64 млрд долларгача камайди.
Қимматли қоғозлар портфели атиги 3,4 млн долларга ўсиб, 1,766 млрд долларга етди. Таққослаш учун, июль ойида портфель қарийб 1,1 млрд долларга ёки деярли 40 фоизга — 2,86 млрд доллардан 1,76 млрд долларгача камайган эди. Бу қимматли қоғозлар захиралар таркибида пайдо бўлганидан буён биринчи марта содир бўлди.
Марказий банк аввалроқ халқаро захираларда олтин улушининг юқорилигини активларни бошқаришга консерватив ёндашув билан изоҳлаган эди. Шу билан бирга, регулятор қимматбаҳо металлар нархининг ўзгаришига қарамликни камайтириш мақсадида захираларни босқичма-босқич диверсификация қилмоқда.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда: улар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларни бажариш, инқирозли вазиятларда импортни таъминлаш имконини беради ваташқи зарбалардан- жаҳон хомашё нархларининг пасайишидан молия бозорларидаги беқарорликкача- ҳимоя вазифасини ўтайди.
