Ҳукумат Ўзбекистонда газ сизиб чиқишини бартараф этиш механизмини яратиш бўйича лойиҳа параметрларини тасдиқлади. Ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди.
Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида ва ташкилот томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бу жорий йил учун тасдиқланган Ўзбекистон-2030 стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида назарда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бутун мамлакат бўйлаб Ўзтрансгаз инфратузилмаси таҳлили 1 мингдан ортиқ муаммоли нуқтани аниқлаган. Ҳар йили бу жойларда 35 млн кубометрга яқин газ сизиб чиқмоқда.
Сизиб чиқишларни бартараф этиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон банки билан $10,6 млн миқдорида грант ажратиш тўғрисида битим, шунингдек, Ўзтрансгаз билан маблағларни тақсимлаш бўйича субсидиар келишув имзолади.
Тасдиқланган мақсадли параметрларга кўра, маблағларнинг асосий қисми — $9,6 млн — бевосита инфратузилмадаги газ йўқотишларини камайтириш чора-тадбирларига йўналтирилади. Яна $500 минг газ сизиб чиқишини мониторинг қилиш бўйича институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга, худди шунча маблағ эса лойиҳани амалга ошириш гуруҳини яратиш ва хорижий экспертларни жалб этишга сарфланади.
Лойиҳа доирасидаги ишларни мувофиқлаштириш учун иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхўжаев бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳ тузилмоқда. Унинг таркибига қуйидагилар ҳам киради:
- Умид Мамадаминов — энергетика вазирининг биринчи ўринбосари (ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари);
- Асқар Исақов — Ўзтрансгаз бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи;
- Шоҳжаҳон Сафаров — Ўзтрансгаз раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи;
- Азизхон Назаров — Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарида молия ва тариф сиёсати департаменти директори;
- Беҳруз Мирзаев — Энергетика вазирлигининг Экологик дипломатия ва «яшил» иқтисодиёт лойиҳалари бўлими бошлиғи;
- Шоҳруҳ Ишмуҳамедов — Ўзтрансгаз Иқтисодий таҳлил департаменти раҳбари;
- Ж. Н. Олимов — Ўзтрансгаз лойиҳа офиси раҳбари;
- лавозими бўйича — Ўзтрансгаз лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари.
Шунингдек, қарорда сизиб чиқишларни бартараф этиш натижасида тежалган маблағларни қайта инвестициялаш тартиби белгиланган. Уларни газ сизиб чиқишига қарши курашни давом эттириш, ўлчаш, мониторинг қилиш ва верификациялаш тизимларини жорий этиш, шунингдек, газ ташиш инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ходимлар самарадорлигини оширишга йўналтириш режалаштирилмоқда.


