Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Буюк Британиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 62 фоизга ўсди

Пул ўтказмалари Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 27 фоизга, АҚШдан — 19 фоизга ўсди. Хориждан пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 13 фоизга ошиб, 9,3 млрд долларни ташкил этди. Жисмоний шахслар томонидан олинган маблағларнинг 51,7 фоизи хориждан тўғридан тўғри банк карталарига п2п-ўтказмалар орқали келиб тушган.

Фото: Sputnik

2026-йилнинг биринчи ярмида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 13 фоизга ёки 1,1 млрд долларга ўсиб, 9,3 млрд долларга етди. Бу Марказий банк шарҳидан келиб чиқади. 2025-йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 8,2 млрд долларни ташкил қилганди.

Даромадлар ҳажми йилнинг биринчи ярми охирига келиб тезлашди. Январ ва феврал ойларида мамлакатга 1,2 млрд доллардан, март ойида — 1,3 млрд, апрелда — 1,6 млрд, майда — 1,7 млрд, июнда эса 2,2 млрд доллар келиб тушган. Бир йил аввалги ойлик тушумлар январ-феврал ойларидаги 1,1 млрд доллардан июн ойидаги 1,8 млрд долларгача бўлган оралиқда эди.

Регуляторнинг баҳолашича, ўтказмалар ўсиши анъанавий меҳнат миграцияси мамлакатларида ищи кучига бўлган нисбатан юқори талаб ва иш ҳақи даражасининг сақланиб қолиши, шунингдек, йил бошидан буён уларнинг миллий валюталари умумий мустаҳкамланиши билан боғлиқ.

Хусусан, Rosstat маълумотларига кўра, Россияда биринчи чоракда ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 106,9 минг рублга етиб, бир йил ичида номинал ифодада 15,1 фоизга ва реал ифодада 8,7 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, биринчи яримйилликда Россия рубли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан долларга нисбатан ўртача 13,5 фоизга мустаҳкамланганини Ўзбекистон Марказий банки Россия банкининг расмий курслари асосида ҳисоблаб чиқди.

Марказий банк меҳнат миграцияси географиясининг диверсификациялашуви давом этаётганини, бу эса ривожланган мамлакатлардан келаётган пул ўтказмалари оқимида ҳам ўз аксини топаётганини қайд этмоқда.

Январ-июн ойларида Буюк Британиядан пул ўтказмалари 62 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 27 фоизга, АҚШдан эса 19 фоизга ўсди. ЕИнинг айрим мамлакатлари орасида Ирландиядан тушумлар (86 фоизга), Литвадан (18 фоизга) ва Нидерландиядан (7 фоизга) сезиларли даражада ошган.

Шарҳдаги диаграмма қуйидаги динамикани кўрсатади:

  • Қозоғистондан — 366 млн доллардан 469 млн долларгача;
  • АҚШдан — 313 млн доллардан 372 млн долларгача;
  • Жанубий Кореядан — 282 млн доллардан 314 млн долларгача;
  • Туркиядан — 266 млн доллардан 303 млн долларгача;
  • Буюк Британиядан — 89 млн доллардан 144 млн долларгача;
  • Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 251 млн доллардан 319 млн долларгача.

Пулларнинг ярмидан кўпи тўғридан тўғри карталарга тушмоқда

Пул ўтказмалари тузилмаси ҳам ўзгармоқда. Жисмоний шахслар томонидан олинган маблағларнинг 4,8 млрд доллари ёки 51,7 фоизи хориждан тўғридан тўғри банк карталарига п2п-ўтказмалар орқали келиб тушган. Уларнинг ҳажми 2025-йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 32 фоизга ўсди.

Анъанавий халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали 4,3 млрд доллар — умумий ҳажмнинг 46,7 фоизи келиб тушган. Бу йўналишда ўсиш бор-йўғи 0,3 фоизни ташкил этди.

Яна 142 млн доллар ёки 1,6 фоиз улуш SWIFT орқали банк ўтказмалари ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг ҳажми 43 фоизга қисқарган.

Марказий банк п2п-ўтказмалари улушининг ўсишини рақамли тўлов хизматларининг кенг тарқалиши, операцияларнинг юқори тезлиги ва нисбатан паст транзакция харажатлари билан изоҳламоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025-йилнинг биринчи чорагида мобил ўтказмалар ўртача 3,6 фоиз қиймат билан халқаро ўтказмаларни амалга оширишнинг энг арзон усули бўлган.

Ўз навбатида, биринчи яримйилликда Ўзбекистондан хорижга 1,3 млрд доллар жўнатилган — бу бир йил олдингига нисбатан 8 фоизга ёки тахминан 100 млн долларга кўпдир.