Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

«Камбағалликни 2 баробарга қисқартирамиз» — Шавкат Мирзиёев   

Ушбу форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ва умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун ҳизмат қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ушбу форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади, деб ишонишини билдирди.

Мамлакатда 2022-2026 йилларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробарга қисқартиришни мақсад қилинган. Бунинг учун, қуйидаги устувор вазифалар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Биринчидан, иқтисодиётда хусусий сектор ролини тубдан ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш.

Бу борада ҳудудларнинг шароити, ўзига хос хусусияти ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бизнес учун солиқ юкини изчил камайтириб бориш ва молиявий ресурслар билан таъминланмоқда.

Иккинчидан, аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурларни ҳаётга жорий этиш.

Жумладан бутун республикамиз бўйича «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ташаббусли бюджет» дастурлари доирасида аҳоли учун зарур бўлган ичимлик сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар ҳолати яхшиланиб, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.

Учинчидан, аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратиш.

Бунда профессионал таълим сифатини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш орқали аҳолини, биринчи навбатда ёшларни ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш масаласи стратегияда муҳим ўрин тутади.

Тўртинчидан, ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилди. Натижада, жорий йилда мамлакатимизда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда.

Бешинчидан, қишлоқ хўжалигига сув ва ресурс тежовчи, «ақлли» технологияларни жорий этган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Олтинчидан, барча ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар билан ташқи бозорларга чиқиш, бу борада транспорт-логистика тизимларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни таъминлаш.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган юксак марраларни амалга оширишда халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни кўзда тутган.

Тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки сингари нуфузли ташкилотлар вакиллари ва салоҳиятли инвесторлар қатнашди.

Форум сўнгида Президент бизга хайрихоҳ бўлган, биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган барча ҳамкорларга ўз миннатдорчилигини билдирди.