Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январидан 30 сентябргача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 17,3 фоизга ошган.
Унга кўра, Фарғона (39,5 фоиз), Самарқанд (35,4 фоиз), Сирдарё (33,2 фоиз), Хоразм (32,7 фоиз), Бухоро (32,2 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (33,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,2 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Маълум қилинишича, кўриб чиқилаётган даврда электрон ҳисобварақлар тизимини, онлайн касса тизимини жорий қилишни кенгайтириш ҳисобига, шунингдек аҳолига харид қийматининг 1 фоизини кешбек сифатида қайтариб бериш тартибининг жорий қилиниши натижасида қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ тушумлари ўсди.
Шунингдек, иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида рентабеллик даражасининг ошиши субъектлар томонидан тўланадиган фойда солиғини 38 фоизга оширишига сабаб бўлди.
Шу билан бирга, йил бошидан 30 сентябргача бўлган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,3 фоизга ошди. Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга ўсган.

