«Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, «Uzbekistan GTL» заводи дунё нефть-газ ва кимё саноати соҳасидаги энг нуфузли мукофот «2022 Platts Global Energy Awards» – АҚШнинг «S&P Global» нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан «Углеводородларни қайта ишлаш соҳаси ва кимё саноатидаги улкан ютуқлари учун» номинациясида дунёнинг етакчи корхоналари қаторида номзод сифатида танланди.
Таъкидланишича, ушбу номинацияда ғолиблик учун «Uzbekistan GTL» заводи билан бир қаторда Хитойдаги «China Gas Holdings», Люксембургдаги «Clariter», Ҳиндистондаги «Hindustan Petrolium Corporation» ва «Indian Oil Corporation», АҚШдаги «Kiewit», «United Energy Trading», «Valero Energy Corporation» каби дунёнинг етакчи корхоналари ҳам номзод сифатида киритилган.
«Дунё миқёсида нефть-газ ва энергетика соҳасидаги энг нуфузли мукофот учун финал босқичи иштирокчиси этиб танланганимиз жуда фахрлидир», – дейди «Uzbekistan GTL» заводининг Бош директори Фахритдин Абдурасулов.
Мукофот ғолиблари «S&P Global» томонидан 2022 йилнинг 8 декабрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказиладиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистон Европа Иттифоқида барча турдаги пўлатларни пайвандлаш ихтиросини патентлагани ҳақида хабар қилинганди.


