Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш соҳасида стандартлаштириш республика маркази бош директори Абулқосим Абдухолиқов маълум қилди.
Таъкидланишича, Қурилиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган мазкур институт давлат муассасаси шаклида фаолият олиб боради ҳамда қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқотлар асосида техник жиҳатидан тартибга солиш, меъёрлаш ва стандартлаштириш ишларини олиб боради.
Шунингдек, қурилиш соҳасида нархларни шакллантириш ва унинг механизмларини аниқлаш масалалари бўйича мазкур институт ваколатли давлат муассасаси ҳисобланади. Институтда BIM-сервер ва ахборотларни қайта ишлаш маркази фаолиятини йўлга қўйилади. Ахборот моделларининг марказлашган банки шакллантиририлади ва юритиб борилади.
Қайд этилишича, қурилиш материаллари ва хизматлар бўйича ишлаб чиқарувчи томонидан таклиф этилаётган нархларнинг электрон каталогини жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.
Институт томонидан юритиладиган миллий класификатор ва электрон каталог Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Товар-хом ашё биржаси ва бошқа вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ҳолда амалга оширилади.
Хабарда айтилишича, 2023 йил 1 мартдан бошлаб марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг смета қийматини аниқлаш Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этиладиган «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси асосида амалга оширилади.


