Ўзбекистон истеъмол секторида июль ойида дефляция кузатилди. Давлат статистика қўмитаси июль ойи учун инфляция даражаси бўйича маълумот берди.
Унга кўра, 2022 йилнинг июль ойида истеъмол бозоридаги нархларнинг ўртача даражаси 0,1 фоизга пасайган. 2022 йилнинг дастлабки етти ойида истеъмол бозорида нархларнинг ўсиш суръати 6,4 фоизга етган, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,9 фоизни ташкил этган.
Қайд этилишича, йиллик нисбатда (2021 йилнинг июль ойига нисбатан) истеъмол секторида нархларнинг ўсиш суръати 12,3 фоизни ташкил этган. 2022 йилнинг июль ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик ноозиқ-овқат маҳсулотларга тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 0,9 фоизга ошган. Хизматлар ой давомида 0,3 фоизга қимматлашган.
Мавсумийлик озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари динамикасини аниқлашда ҳал қилувчи омил бўлган. Уларнинг нархлари ой давомида 1,0 фоизга арзонлашган.
Аввалроқ июнь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,9 фоизга қимматлашгани хабар қилинганди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг июнь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,9 фоизга қимматлашган. 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида истеъмол бозорида нархларнинг ўсиш суръати 6,5 фоизга етган.
Маълумотларга кўра, биринчи 6 ойда ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда (2021 йилнинг июнь ойига нисбатан) истеъмол секторида нархларнинг ўсиш суръати 12,2 фоиз бўлгани таъкидланди.


