Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси яқинида яширин ерости йўллари қазиганларга суд ҳукми ўқилди

Тезкор тадбир давомида бир нечта уйлар кўздан кечирилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан жорий йилнинг 22 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги чет эл валюталарини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланувчи трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, уларнинг навбатдаги 1 миллион 641 минг 106 долларни Қирғизистонга ноқонуний чиқариш режаси фош этилган эди. 

Тезкор тадбир давомида Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги «Бобур» МФЙда яшовчи, 1990 йилда туғилган гуруҳ аъзосининг яшаш манзили кўздан кечирилган. Текширувда унинг ҳовлисида эни 1 метр / квадрат чуқурлиги 12-12,5 метр, узунлиги 150 метр бўлган, Қирғизистонга ноқонуний ўтиш учун махсус қазилган ер ости йўли борлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, мазкур туманнинг «Бирлик» МФЙда жойлашган, гуруҳ аъзоларидан яна бирига тегишли хонадон ҳовлисида эса эни метр/квадрат, чуқурлиги 10-12 метр, узунлиги 400-420 метр атрофидаги иккинчи ер ости йўли борлиги аниқланган эди. Ушбу ер ости йўлига қўлбола пўлат изларда ҳаракатланувчи кичик ҳажмли, электродвигателли аравача ўрнатилган.

Таъкидланишича, 2 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароларидан иборат уюшган жиноий гуруҳга 1974 йилда Қирғизистонда туғилган шахс етакчилик қилган. 

Гуруҳ аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмаслик мақсадида ўзаро мулоқотда шартли сўзлашув усулини қўллаган ва Андижондаги «Дўстлик» чегара-божхона постидан декларация тўлдирган ҳолда катта миқдордаги валюта қимматликларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириб, сўнгра пулларни ер ости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб, олиб чиқиб кетган.

Тўлдирилган декларациядан эса Тошкент ва Қўқон шаҳарларидан хорижий валюталарни ташишда йўлларда кузатиладиган эҳтимолий текширувларда фойдаланишган.

Ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уларнинг ноқонуний фаолиятлари ашёвий далиллар асосида ўз исботини топган.

Жорий йилнинг 25 май куни жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг ҳукмига кўра, қонунбузарларга нисбатан 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги «Бобур» МФЙда яшовчи бошқа бир фуқаронинг уйида ҳам қўшни давлат ҳудудига олиб ўтувчи яширин ерости йўли борлиги аниқланган.

У ҳам қирғизистонлик шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ажратиб турувчи «Шаҳрихонсой» канали остидан ўтувчи, чуқурлиги тахминан 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ерости йўли қазиб, уни махсус электр ёритгич тизими ва кислород билан таъминловчи ускуналар билан жиҳозлаган. 

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Ушбу учта ерости йўллари орқали катта миқдордаги чет эл валюталари Ўзбекистондан қўшни давлатга олиб чиқилиб, турли хил товар-моддий бойликлар Ўзбекистонга олиб кирилган.

Таъкидланишича, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари доирасида апрель ойида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари номига, аниқланган учта ер ости йўлининг Қирғизистон томонида жойлашган манзиллари ва уларнинг ташкилотчилари тўғрисида тегишли маълумотлар юборилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган. 

Кейинчалик, май-июнь ойларида қўшни давлат вакиллари томонидан ўз ҳудудларида ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу яширин ер ости йўллари фаолиятига чек қўйилган.