Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан 1–31 март кунлари Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилиб борилди. Вазирлик асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот берди.
Арзонлашган маҳсулотлар
Ушбу давр мобайнида бозорда киви 2500 сўмга, мандарин 1500 сўмга, мош 1250 сўмга, картошка (импорт), лавлаги, турп 500 сўмга ҳамда гуруч (аланга) 250 сўмга арзонлашган.
Қимматлашган маҳсулотлар
Бозорларда узум нархи 12 минг 500 сўмга, қизил булғори қалампири 10 минг сўмга, бодринг (орзу) 8 минг сўмга, анор 5 минг 500 сўмга, апельсин ва қизил булғори қалампири 5 минг сўмга, помидор 4 минг сўмга, нўхат 3 минг сўмга, саримсоқ пиёз 2 минг 500 сўмга, қовун, гуруч (лазер) ҳамда помидор (пушти) 2 минг сўмга, пиёз 1200 сўмга, нок ва лимон минг сўмга ҳамда карам 850 сўмга ошган.
Бозорларга энг кўп келтирилган маҳсулотлар
Тезкор маълумотларга асосан, Қўйлиқ бозорига 1–31 март кунлари ҳудудлардан жами 26,3 минг тонна, хусусан, 12,6 минг тонна картошка, 8,9 минг тонна пиёз, 1,4 минг тонна карам ва 3,4 минг тонна сабзи келтирилган.
Шундан, Тошкент вилоятидан 324 тонна картошка, 3411 тонна пиёз, 1379 тонна карам, 1038 тонна сабзи, Самарқанддан 4018 тонна, Жиззахдан 740 тонна, Сурхондарёдан 740 тонна (янги ҳосил), Фарғонадан 45 тонна пиёз, Сурхондарёдан 597 тонна, Қашқадарёдан 572 тонна, Сирдарёдан 379 тонна, Жиззахдан 250 тонна, Андижондан 235 тонна, Бухородан 189 тонна ва Хоразмдан 137 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.
Шунингдек, Қўйлиқ бозорига Покистондан 10 минг 175 тонна, Эрондан 672 тонна, Қозоғистондан 584 тонна, Афғонистондан 517 тонна ва Қирғизистондан 318 тонна картошка келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1–31 март кунлари жами 467,6 тонна, шу жумладан 329,1 тонна мол гўшти ва 138,6 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги минимал-максимал нархлар маълум қилинганди. Шунингдек, февраль ойида жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари рекорд даражага етгани ҳақида хабар берилди.


