Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Ҳоким ва прокурорлар қаёққа қараган?» — Президент шакар нархининг ошиб кетиши ҳақида

Шавкат Мирзиёев ҳокимларга ҳудудлардаги озиқ-овқат нархларини назорат қилиш бўйича топшириқ берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида март ойи бошида кузатилган шакарга «ажиотаж» мавзусига тўхталди.

Маълум қилинишича, айрим ҳудудларда шакар нархи асоссиз ошган. Айниқса Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошган.

«Савол туғилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?», — деди Президент.

Шунинг учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар куни ўз ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса ун, шакар ва ёғнинг нархини жойларда юриб ўрганади ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор тадбирларни кўриб боради.

Айниқса, кириб келаётган Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нахрларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканини барча тадбиркорларга тушунтиришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Республикага четдан буғдой, ўсимлик ёғи ва шакарни олиб келиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани, энди буни ақл билан самарали ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этгани хабар қилинганди.