Meta компанияси ижтимоий тармоқларининг Россияда блокланишидан кўрган йўқотишлари йилига 2 миллиард доллардан 2,2 миллиард долларгача бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Сколково-РЭШ» маълумотларига таяниб Forbes хабар берди.
Маълум қилинишича, бу миқдор компаниянинг ҳар бир фойдаланувчидан тушган даромадини қўшиш орқали олинган.
Statista хизмати маълумотларига кўра, Россияда 66 миллионга яқин одам Facebook’дан фойдаланади. Meta йиллик ҳисоботида Европада ҳар бир фойдаланувчи учун тахминан 19,68 доллар ишлаб топган. Шундай қилиб, таҳлилчилар компаниянинг Россияда блокланишидан кўрган зарарини кунига 3,6 миллион доллар ёки йилига 1,3 миллиард долларга баҳолаган.
Шунингдек, Россиядаги Instagram аудиторияси 64 миллионга яқин фойдаланувчини ташкил этади, уларнинг ҳар биридан ижтимоий тармоқ йилига 12,84 доллар даромад олади. Маълум бўлишича, Instagram’нинг Россияда блокланишидан унга эгалик қилувчи компания тахминан 823,6 миллион доллар йўқотади.
«Умуман олганда, йилига 2–2,2 миллиард доллар тақчил кузатилади», — деди марказнинг тадқиқот бўлими раҳбари Егор Кривошея.
Зарарни ҳисоблашда мамлакатга қараб ижтимоий тармоқларда реклама харидлари, уни жойлаштириш тезлиги, Россияда оммабоп бўлмаган муқобил лойиҳалар ва даромад олиш усуллари, масалан, илова ичидаги савдолар ҳисобга олинмаган.
«Прецедент кўплаб мамлакатларда аралаш реакцияга сабаб бўлганини ҳисобга олсак, капиталлашувнинг пасайиши анча сезиларли бўлиши мумкин, аммо инвестор ва истеъмолчиларнинг умидларини шакллантирадиган кўплаб омилларга боғлиқ», — дея қўшимча қилди Кривошея.
Қайд этиш керакки, Украинада уруш бошлангандан бир кун ўтиб, «Роскомнадзор» Бош прокуратура қарорига биноан Facebook трафигини секинлаштира бошлади — бир кун олдин ушбу ижтимоий тармоқ тўртта рус оммавий ахборот воситаларининг аккаунтларига киришни чеклади. 4 март куни Facebook Россияда бутунлай блокланди.
Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб «Роскомнадзор» Twitter’ни яна секинлаштира бошлади ва 11 март куни 14 мартда Instagram’ни блокланишини маълум қилди. Бир ҳафта ўтиб, 21 март куни Москва суди Meta’ни экстремистик ташкилот деб тан олди ва унинг Россиядаги фаолиятини дарҳол тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди.
Аввалроқ «Роскомнадзор» Россияда Instagram блокланишининг сабабини тушунтиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Марк Цукерберг Instagram’да NFT пайдо бўлишини айтгани ҳақида хабар берилди.


