Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари бўйича 7,8 миллиард долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Қайд этилишича, форум якунлари бўйича 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланган. Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилган.
Форум доирасида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши, «Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар» Ўзбекистон-Хитой инвестициявий форуми, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этган Ўзбекистон учун «мамлакат платформаси» ҳам бўлиб ўтган.
Таъкидланишича, тадбир ўзида 2 мингдан ортиқ иштирокчиларни — жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларни бирлаштирган.


